Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов “Ўзбекистон ва Қирғизистон: Стратегик шерикликнинг янги истиқболи” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатда “тарихий бурилиш” воқеаси бўлди.
Институт директори юксак даражадаги музокаралар якуни бўйича ҳамкорликнинг, деярли, барча соҳаларини қамраб олган 25 та ҳужжат имзоланганини қайд этди. Шу билан бирга Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация муносабатимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, биргаликдаги саъй-ҳаракати самараси ўлароқ давлатларо чегаранинг айрим участкалари тўғрисида шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат Марказий Осиёдаги асосий дипломатик ютуқдир.
Кўп йиллар давомида давлатлар аро кескинлик манбаси бўлиб келган, икки томонлама ҳамкорликнинг тўлиқ салоҳиятидан фойдаланишга, Марказий Осиёда тинчлик ўрнатиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга тўсқинлик қилаётган делимитация масаласи ниҳоят тўлиқ тартибга солингани эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “Чегарани делимитация қилиш масаласи тўлиқ тартибга солингани икки томонлама ҳамкорлик ва ҳудудлар аро алмашинув ривожида муҳим ўрин тутади, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишига хизмат қилади”.
Айни дам Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда Шавкат Мирзиёевнинг беқиёс ролини таъкидлар экан, “Қирғизистон учун Ўзбекистон – руҳан яқин қўшни, садоқатли дўст ва ишончли стратегик ҳамкор” эканини алоҳида қайд этди.
ЎзА