Кейинги йилларда Андижон вилоятида ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимини давлат-хусусий шерикчилик асосида самарали ташкил этиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ана шу йўналишдаги ишлар билан танишиш мақсадида Қорақолпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар молия бошқармалари бошлиқлари ҳамда солиқ бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари Андижонда бўлди.

Меҳмонлар вилоятдаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, муассасаларда иситиш тизимини ташкил этиш борасидаги ишлар билан танишди.

Хусусан, Бўстон туманидаги ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимини давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этиш, объектларнинг Туркия технологияси асосида «Kozlusan» иситиш тизими билан таъминланганлиги, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.

– Туманимизда ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизимини давлат-хусусий шерикчилик асосида йўлга қўйиш ижобий самара бермоқда,  – дейди туман ҳокими Санобархон Носирова. – Тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган ишлар самарадорлиги юқори, тежамкор хорижий иситиш тизими технологиялардан фойдаланган ҳолда, қолаверса, янги иш ўринлари ташкил этилаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, меҳмонлар Янги Андижон шаҳрида барпо этилган замонавий кўп қаватли уйлар ҳамда Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларни «Ҳаёт мактаби»га тайёрлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича “Андижон тажрибаси” доирасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА