Бугун ҳаётимизга кириб келаётган янгидан-янги технологияларнинг қудрати одамни ҳайратга солади. Улардан бири “Алиса” номи билан аталувчи гапирадиган робот. Ҳозир кўпчилик ушбу сунъий интеллектнинг беминнат хизматидан фойдаланишга одатланди. Бу аппарат одамларнинг ҳар қандай саволларига жавоб беради, керак бўлса суҳбатдош бўла олади.

Хўш, бундай техникалар одамларга нима беради? Уларнинг қулайлиги ва ўзига хос жиҳатлари нимада?

IT паркнинг Тошкент шаҳар филиали менежери Сайид Мирзо Музрапов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

—Ҳозир кўпчилик “Алиса” каби овозли роботлар хизматидан фойдаланишга  одатланди. У қандай робот ўзи? Вазифалари нимадан иборат?

— “Алиса” одамнинг оғзаки саволларига Google ёрдамида тезликда жавоб топиб берадиган овозли ёрдамчи. Ундан об-ҳаво ҳақида сўрашингиз, кимгадир қўнғироқ қилишни буюришингиз мумкин.

Аслида оддий буйруқларни бажаришга мўлжалланган қурилма сифатида яратилган. Кейинчалик ривожлантирилиб, сунъий интеллект даражасига кўтарилди. Сунъий интеллект одам берадиган саволига қараб жавоб беради. Ҳозирги кунда бундай аппаратларнинг турлари кўпайган. Уларга дастурдан ташқари ноанъанавий саволлар билан мурожаат қилсангиз ҳам бўлади. Шунга қараб ўзининг интеллектини ишлатиб, жавоб беради.

— Одамлар учун қандай фойдали томонлари бор? 

—Одам билан мулоқотга киришиб, қайсидир масалаларда маслаҳат ҳам бера олади. Ёш болаларга эртак, алла айтади. Бир сўз билан айтганда, одам билан гаплашади. Бу аппарат кўпроқ кўришда нуқсони бор одамларга  қулай. Керакли маълумотларни эшитиш орқали осонгина қабул қилади.

— Одамни дангаса, эринчоқ, атрофидагилар билан мулоқотга киришишдан узоқлаштириб қўймайдими?

— Бу гапирувчи робот фақат буйруқни бажаради. Ҳеч қачон одам ўрнини босмайди. Аксинча, одамови, атрофидагилар билан мулоқотга киришишга қийналадиган болалар учун фойдаси бор. Яъни, робот билан гаплашиб, секин-аста атрофдаги одамлар билан мулоқотга киришиш осонлашади. Тажриба вазифасини бажаради, десак ҳам бўлаверади.

— Одам учун дўст вазифасини уддалай оладими?

— Юз фоиз уддалайди, деб айтолмайман. Чунки ҳамиша қаршингизда турган суҳбатдошингизни роботлигини, темирлигини ҳис қилиб турасиз. Мураккаб саволлар беришни бошласангиз ҳар доим бир хил ёки мантиққа тўғри келмайдиган жавобларни бериб, зериктириши мумкин. Ҳеч қачон  одам билан гаплашгандек бўла олмайди. Аммо борган сайин функциялари такомиллаштирилиб бориляпти.  Ҳозир Ўзбекистонда анча оммалашди. Ўзим ҳам фойдаланаман. Эрталаб об-ҳаво қандайлиги ҳақида сўрасам, маълумот бериб, қандай кийим кийишни маслаҳат беради.

— Шундай овозли роботларнинг ўзбек тилидаги муқобилини яратиш имкони борми?

—  Ҳозирги кунда бу овозли роботларни ўзбекча аналоглари яратилган. Лекин 100 фоиз функцияларни бажара олмаганлиги сабабли  дастурчиларимиз уни янада такомиллаштириш устида изланиш олиб боряпти.

 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди. 

ЎзА