Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Aмерика Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Элчи ўтган йилнинг июль ойида дипломатик миссия раҳбари этиб тайинланган эди.

Вилоят ҳокими меҳмонларни қутлаб, ишларига муваффақият тилади.

– Бундан 26 йил олдин ҳам Ўзбекистонга келгандим, – дейди Жонатан Хеник. – Ўтган вақт ичида мамлакатдаги улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Самарқанд дунёда ўзининг муносиб ўрнига эга шаҳар. Шаҳар бугун маданият, туризм шаҳрига айланибди. Ўзбекистон-Aмерика мулоқоти халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари, ўзаро манфаатли, демократик қадриятларга содиқлик асосида амалга оширилмоқда.

Бунинг самарасида вилоятда америкалик ишбилармонлар сармояси иштирокидаги 18 қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда. Томонлар бугунги кунда ҳамкорлик қилишлари мумкин бўлган соҳаларни, айниқса, америкалик инвесторлар, сайёҳларни Самарқандга жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Дўстона руҳда ўтган мулоқот якунида томонлар ижтимоий-иқтисодий, фан, таълим, маданий-маърифий соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтиришни келишиб олишди.


Ғ. Ҳасанов, ЎзА