Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Aграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1 минг 688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа объектлар мавжуд. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда аввало инсон саломатлиги ва аҳоли муҳофазаси бош мақсад бўлиши зарур.

Шу боис, қонун лойиҳасида гидротехника иншоотларини ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, лойиҳалаш ишларида хорижий экспертларни кенг жалб этиш бўйича аниқ нормалар белгиланмоқда. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш масалалари ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятлар келиб чиқишининг олдини олиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, амалий ва инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари белгиланмоқда.

— Қонун лойиҳасида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини ва текширувни амалга ошириш, гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилишга доир лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, улардан фойдаланиш қоидаларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Равшан Бегматов. — Шу билан бирга, гидротехника иншоотларини бир йилда камида икки марта текширувдан ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда қонун лойиҳасидаги нормалар депутатлар берган таклифлар асосида маромига етказилаётган бўлса, айрим моддалар чиқариб ташланмоқда. Хусусан, гидротехника иншоотларидан фойдаланувчилар ва мазкур иншоотларни қуришда пудрат ташкилотининг мажбуриятлари, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган асосий талаблар депутатлар берган таклифлар асосида маромига етказилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштриш ишлари давом этмоқда.

 

ЎзА