Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиш Ўзбекистон учун муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун миллий қонунчилик ташкилот битимларига уйғунлаштирилмоқда.

Адлия вазирлигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимлари бўйича халқаро эксперт М.Бордалба билан учрашувда шу масала муҳокама қилинди.

Адлия вазири ўринбосари А. Каримов миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш масаласи Ўзбекистонни ЖСТга қўшилиши жараёнидаги асосий йўналишлардан бири эканлигини қайд этди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Адлия вазирлиги раҳбарлигида Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этилган. Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ЖСТ битимларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказилиб, таҳлил қилинган ҳолда уларни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Халқаро эксперт Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖСТга қўшилиш бўйича, хусусан миллий қонунчиликни уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади.

Ишчи гуруҳ аъзоларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳамда тегишли тавсиялар берилди.

 

                                                                                     ЎзА