Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва University Utara Malaysia – Малайзиянинг Утара университети ҳамкорлигида ишга туширилган раҳбар кадрлар тайёрлаш дастурининг дастлабки босқичи муваффақиятли ўтди.

Малайзия давлатида ташкил этилган “Certificate in Advance Islamic Banking and Finance (CAIBF) 2023” деб номланган ушбу ижро дастурининг мақсади мамлакатимизда ислом банк иши ва молиясини янада ривожлантириш учун инсон ресурсларининг билим ва малакасини ошириш.

Ушбу дастурда Академия тингловчилари, тижорат банклари раҳбарлари, солиқ идоралари ходимлари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат 21 нафар делегат иштирок этган.

Уларга Малайзия тажрибасига асосланган “Ислом банк иши ва молияси амалиёти” мавзуси назарий билим ва амалиёт билан ҳамоҳанг таништирилди. Ислом ижтимоий молияси ва унинг иқтисодиётдаги аҳамияти ортиб бораётгани ҳақида янги тушунчалар берилди.

Тренинг давомида “Муамалат, ислом банк иши ва молияси асослари”, “Дедукция усули, “Шариат мақосиди”, “Исломий бошқарув асослари”, “Электрон тўлов тизимлари”, “Ислом банки қоидалари”, “Ҳалол бизнес ва туризм”, “Такофул” мавзулари бўйича маърузалар ўтказилди.

Islamic Business School (IBS) университети профессори дастур нафақат иштирокчиларга янги билим беради, балки Малайзия ва Ўзбекистон тажрибасини ўзаро ўрганишга қаратилган халқаро амалиёт вазифасини ҳам ўташини маълум қилди.

Дастурнинг энг юқори чўққиси – “Business Plan Challenge (BPC)”да делегатлар тўплаган билимини республикамизда қўллаш бўйича ғояларини тақдим этди. Мазкур тренинглар якунида ҳамюртларимизга махсус халқаро сертификатлар топширилди.


Б.Худойбердиев, ЎзА