Куни кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов билан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўртасида кечган учрашувда 2022 йилда рақамли иқтисодий дипломатия соҳасида Ташқи ишлар вазирлиги салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича қўшма лойиҳа якунлари сарҳисоб қилинди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа доирасида хорижий ҳамкорларга тарқатиш учун Янги Ўзбекистоннинг фаол иқтисодий дипломатияси концепцияси ҳамда “New Uzbekistan: Seizing Opportunities” рисоласи ишлаб чиқилган.

Ташқи ишлар вазирлиги ёш дипломатлари учун халқаро экспертлар иштирокида иқтисодий дипломатия кўникмаcини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув семинари ҳамда “English for Professionals in Economic Diplomacy” махсус инглиз тили курси ҳам ташкил этилган.

Шунингдек, юртимизнинг иқтисодий ҳаётидаги сўнгги ўзгариш, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижий бизнес учун янги имкониятлар ҳақида рақамли дайжестлар тайёрланди. Суҳбат чоғида дайжестлар халқаро ишбилармон доира ва дипломатик корпус вакилларига тарқатилгани тилга олинди.

– Лойиҳа доирасида иқтисодий дипломатияга бағишланган телеграм канал ишга туширилди, айни пайтда обуначилар сони уч мингдан зиёд. “Иқтисодий дипломатия” интерактив веб-портали якунланиш босқичида. Мазкур платформа хорижий компаниялар ва маҳаллий тадбиркорларни ахборот билан таъминлашга қаратилади, – дейилади ТИВ хабарида.

М.Димовска сўнгги йилларда Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик йўлига ўтганини, бу эса Марказий Осиёга ҳам кучли таъсир кўрсатганини таъкидлади. БМТ Тараққиёт дастури диёримизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги қатъийлигини олқишлайди.

БМТ Тараққиёт дастури истиқболли лойиҳаларни, жумладан, мамлакатимизда бошланган маъмурий ислоҳотлар доирасида амалга ошириш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Б.Худойбердиев, ЎзА