Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 408-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун амалдаги тартиб сақлаб қолинган ҳолда ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизида тўланиши, бошқа якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси иккинчи қисмига киритилаётган ўзгартишга кўра, фуқароларнинг томорқа ер участкаси майдони ҳамда чорва ва парранда бош сонига қўйилган талаблар чиқариб ташланиб, фаолият турлари кенгайтирилган ҳолда чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда қўмита аъзолари томонидан қонун лойиҳаси дастлабки тарзда маъқулланиб, Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши муҳокамасига киритишга тайёрлашга келишилди.

ЎзА