Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг йил сарҳисоби ва истиқболдаги режаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган вақт ичида, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди.

Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ўтган 2022 йил давомида 5 та асосий йўналиш(комиссия фаолиятини самарали ташкил этиш, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, амалий тадбирлар ва тарғибот, халқаро ҳамкорлик)га ўз фаолиятида устувор вазифа сифатида қараб, фаолият олиб борди.

Қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш Комиссия фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Комиссия томонидан қонун лойиҳаларига ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган таклифлар бериш йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида комиссия томонидан 30 дан ортиқ қонун лойиҳалари юзасидан 60 га яқин асослантирилган таклифлар тайёрланди.

Ҳисобот даврида комиссия томонидан Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат-таҳлил тадбирлари амалга оширилди. Назорат таҳлил тадбирлари давомида ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар ташкил этилди.

2 маротаба қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати жойларга чиққан ҳолда ўрганилди, 3 марта комиссия ва қўмиталарнинг қўшма йиғилишларида давлат ҳокимият ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди, комиссиянинг иш режасида белгиланган 7 та ўрганиш олиб борилди ва унинг натижасида 2та депутатлик сўрови чиқарилди.

Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби масалалар комиссия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиши таъкидланиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

ЎзА