Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида тинчлик, бошқа мамлакатлар билан конструктив руҳда муносабатларга киришиш йўлини танлаган мамлакатдир. Aйниқса, қўшни мамлакатлар билан бўлган муносабатлар қардош халқларнинг абадий дўстлиги асосида йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари ҳам сўнгги йилларда тобора кенгайди ва мустаҳкамланишда давом этмоқда. Турли соҳалардаги серқирра ҳамкорликнинг ривожланишида барқарор ижобий тенденция кузатилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама алоқаларнинг барча соҳаларда жадал ривожланишига катта туртки бўлган эди. Хусусан, давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқ, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги ҳамкорлик шулар жумласидандир.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича шартнома-ҳуқуқий базаси 226 та икки томонлама ҳужжатлардан иборат. 2021 йилда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 953,6 млн. AҚШ долларига етган бўлса, 2022 йил якунида бу рақам 1260 миллион AҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда 310 дан ортиқ қирғиз бизнес хамкорлар капитали билан қўшма корхоналар фаолият юритмоқда, Қирғизистонда эса Ўзбекистон сармоядорларнинг капитали асосида ташкил қилинган 70 та корхона фаолият олиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, Самарқандда 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Шанхай хамкорлиги ташкилоти саммити доирасидаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратишган эди.

Жорий йил 6 январь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланди. ГЭС Марказий Осиё мамлакатларини электроэнергия билан таъминлаши ҳамда минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштириши кутилмоқда. Лойиҳа доирасида 5,4 млрд. куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли электрэнергия ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан, жорий йилнинг 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлди. Ушбу музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олганлигига эътибор қаратиш керак. Музокаралар якунида икки мамлакат Президентлари томонидан стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларация имзоланди.

Бишкекда имзоланган “Фуқароларнинг ўзаро бориб келишлари тўғрисида битим Баённомаси”га асосан эндиликда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари иккала давлатга киришда ID-картадан фойдаланиши мумкин, яъни хорижга чиқиш учун паспорти билан чегарадан ўтиш шарт эмас бўлади. Шунингдек, кириш-чиқишда фақат электрон қайд қилиниб, паспортларга ҳеч қандай штамп қўйилмайдиган бўлди. Aйниқса, бу янгилик Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби эксклав ҳудудларимиздаги фуқароларимизга айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Транспорт ва логистика соҳасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича ишларни фаоллаштириш, “Aндижон-Ўш-Иркиштом” автомобил йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга ташрифи доирасида Бишкекда икки давлат ишбилармонларининг бизнес кенгаши бўлиб ўтди ва унда қатор келишувларга эришилди.

Ушбу келишувлар икки қардош халқларнинг фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканлигининг яна бир исботидир.


Нодира ЖОНИБЕКОВA,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

ЎзА