Яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти олимлари томонидан дунё фани учун янги бўлган иккита ўсимлик тури кашф этилди.

Хўш, бу ўсимликларнинг фан учун ноёблиги нимада? Уларни халқаро ҳамжамият қандай қабул қилди?

Фанлар академияси Ботаника институти Ўзбекистон флораси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори, академик Комилжон Тожибоевдан юқоридаги саволларга жавоб олдик.

– Юртимиз ҳудудидан аниқланган янги ўсимлик турлари бўйича олиб борилган изланишлар натижаси ҳақида гапириб ўтсангиз.

 2022 йилда Ботаника институти, жумладан Ўзбекистон флораси лабораториясида олиб борилган дала тадқиқотлари сермаҳсул натижалар билан якунланди. Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудларидан фан учун номаълум бўлган иккита  янги ўсимлик турлари борлигини аниқладик.

Биринчиси, Сурхондарё вилоятидаги Боботоғ тизмасининг Заркоса чўққисидан Пиёз (Allium L.) туркумига мансуб бўлган ўсимлик тури, иккинчиси Соябонгулдошлар (Apiaceae) оиласига мансуб ўсимлик аниқланди.

– Боботоғдан топилган ўсимликнинг кўриниши қандай? Ўзимиз етиштирадиган пиёзга ўхшайдими?

 Хонадонда етиштириладиган пиёзнинг бўйи анча баланд, гули оқ, йирик, поялари бақувват ва яшил рангда бўлса, бу ўсимлик ҳам умумий ҳолатда шу кўринишни эслатади. Лекин унинг бўйи 15-20 сантиметр,  атрофида, гуллари майда ва пушти рангда. Унинг энг яқин қардош турлари Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёда ўсади. Боботоғдан топилган бу янги ўсимлик турига юртимизнинг бойлиги сифатида қараймиз. Навбатдаги тадқиқотларимизда Боботоғдек сувсиз, қурғоқчил ҳудудда бундай ўсимликлар 100 йилдан сўнг мавжуд табиий ва антропоген омиллар таъсирида сақланиб қоладими, шулар тўғрисида бош қотиряпмиз.

– Мазкур ёввойи пиёз Боботоғда илгаридан бўлганми ёки уруғлари қаердандир келиб қолганми? 

 Юртимизнинг тоғли қисми глобал даражада ёввойи пиёзларнинг келиб чиқиш марказларидан бири ҳисобланади. Бу ўсимлик халқнинг кўз ўнгида ўсиб турган, маҳаллий аҳоли уни ёввойи пиёзлар қаторига қўшиб келган. Лекин аниқ бир ном билан ҳозиргача ажратилмаган ва қолган ўнлаб турлар қаторида “тоғ пиёз” сифатида қараб келинган.

Бу ўсимлик турининг биринчи кашфиётчилари лабораториямизнинг ёш олимларидан Сардоржон Пўлатов ҳисобланади. Дунё миқёсида ёввойи пиёз турлари билан ишлайдиган профессор Фурқат Ҳасанов янги топилмани биологик тур сифатида расмийлаштирди. Ўсимлик тури устида молекуляр генетик тадқиқот ўтказган ёш олим, лаборатория мудири Зиёвуддин Юсупов ва мен бу тадқиқот устида ишлаяпмиз.

– Бунинг фан учун янги ўсимлик экани қандай тасдиқланди?

– Бу жараён икки босқичдан иборат бўлади. Аввал ўсимликнинг ташқи кўриниши, жумладан гуллари, пояси, барги ва хусусиятлари ўрганилади ва фанга маълум бўлган бошқа турлардан фарқлари аниқланади. Кейинги босқичда ушбу ўсимлик устида молекуляр-генетик тадқиқотлар ўтказилади. Мавжуд қариндошлари билан солиштириб, шажара дарахти ясалганда  ўсимлик тури янги эканлиги ўз тасдиғини топди. Натижада нуфузли халқаро журналларда чоп этилади. Шундай қилиб бу ўсимлик фанга кириб келди.

Бу ўсимлик тури ҳақида ботаника номенклатурасининг тартиб қоидалари асосида мақола тайёрланиб, Болгариядаги PhytoKeys журналида чоп этилди. Халқаро ҳамжамият етакчи пиёзшунос олимлари томонидан янги ўсимлик тури ботаника оламидаги кашфиёт сифатида тан олингач, мақола чоп этилди.

– Бу ўсимликнинг одамлар учун фойдали хусусиятлари қандай аниқланади?

 Ҳозирги кунда олдимиздаги энг долзарб масалалардан бири ёввойи пиёз ўсимлигининг Боботоғдан бошқа ҳудудларда бор ёки йўқлигини ўрганиб, маҳаллий аҳоли ҳамда табиблар ўртасида сўровнома ўтказиб, фанга маълум бўлмаган хоссалари ҳақида маълумот йиғишдан иборат. Ундан кейин бу ўсимликнинг дориворлик ёки бошқа фойдали хусусиятлари аниқланади.

2023 йилда олиб борган тадқиқотларимиз бу ўсимлик тури табиатда камёб эканлигини кўрсатса, уни Ўзбекистон Республикасининг қизил китобига киритиш чора-тадбирларини кўрамиз.

– Кейинги янги ўсимлик тури ҳақида тўхталсангиз. У қайси ҳудудларда аниқланди?

 Кейинги ўсимлик тури Соябонгулдошлар оиласига мансуб бўлиб,  уни мен 2016 йилда Қурама тизмасининг Поп туманидаги қисмида олиб борган изланишларда топганман. Аммо бу ўсимлик ҳали гулламагани ва мевалар намунаси бўлмагани учун ҳамма ҳаракатларим зое кетган.

Излаган имкон топади, деб халқимиз бежиз айтмаган. Илмда ўз ўрнимни топаман, шу соҳа ривожланишига ҳиссамни қўшаман, ривожлантираман деган мақсадни ўз олдига қўйган олим ғоя, назария ва орият учун курашадиган бўлиб қолади. Шу ўсимликни топиш иштиёқи менга тинчлик бермади. 2017-18 йилларда яна Қамчиқ довони ва Чодаксой қисмидан ўсимлик турини қидирдим. Ниҳоят 2018 йилда ўсимликнинг гуллаган ва мевалаган намуналарини топдим.

Москва давлат университетининг Ботаника боғида Ўрта Осиё флорасидаги Соябонгулдошлар билан ўтган асрнинг 70-йилларидан ишлаб келаётган профессор билан ушбу ўсимликнинг ташқи кўриниши, поя ва мевасининг ички анатомик тузилиши ҳамда молекуляр-генетик хоссалари устида иш олиб бордик. 2020 йилда янги ўсимлик тури Жўякмева (Aulacospermum Ledeb.) туркумига мансуб ўсимлик эканлиги маълум бўлди.

Бу ўсимлик Ўрта Осиё, Эрон ёки Афғонистонда мавжуд бўлган қариндошларидан кўп поялилиги, гулининг оч-сарғиш рангда бўлиши ҳамда мевасининг шакли билан фарқ қилади. Таҳлилларнинг бир қисми Ўзбекистонда бир қисми Москвада олиб борилди. Ниҳоят жорий йилнинг январь ойида ботаника фанидаги энг нуфузли ҳисобланган “Phytotaxa” журналида мақола чоп этилиб, янги ўсимлик жаҳон ҳамжамиятига эълон қилинди.

Бу икки янги ўсимликни фанга биз ботаниклар олиб кирдик. Энди кимёгарлар унинг кимёвий таркибини, фармацевтлар доривор хусусиятларини ўрганиши мақсадга мувофиқ. Аммо бундай тадқиқотлар олиб боришга ҳали бироз эрта. Сабаби кичкинагина ҳудудда камгина сонда ўсаётган ўсимликни кимёвий таҳлил учун табиатдан ажратиб оладиган бўлсак, бу ўсимлик турини йўқотиб қўйишимиз ҳам мумкин.

Юртимизда 4 минг 400 атрофида рўйхатдан ўтган ёввойи ўсимлик турлари бор. Бу кўрсаткич яна ўсиши башорат қилинмоқда. Чунки юртимизнинг бетакрор табиати, ўзига хос ландшафтлари янги кашфиётчиларни кутиб турибди. Ўзбекистон ўзининг Ғарбий Тянь-Шандаги Чотқол, Қурама, Угам ва Писком, Помир Олойдаги Нурота Зарафшон, Ҳисор, Туркистон сингари осмонўпар тоғлари, мамлакатимизнинг 80 фоиз ҳудудини эгалловчи Қизилқум-Устюрт чўллари янги ўсимликлар дунёсига эга.

 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.

ЎзА