Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 23 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот маркази иш бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда матбуот маркази раҳбари – конференция матбуот котиби Ш.Қудратхўжаев, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил марказ директори Э.Орипов, тарих фанлари доктори, профессор Ш.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган мазкур нуфузли анжуманнинг Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш ва қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнларидаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини ёритишда 300 га яқин маҳаллий ва 20 дан ортиқ хорижий ОАВ вакиллари қатнашади. Улар орасида «The New York Times», «BBC», «Jenmin Jibao», «NHK» каби йирик халқаро ахборот агентликлари, нашрлар ва телеканаллар бор.
Журналистларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида бўладиган конференциянинг асосий тадбирлари матбуот марказига тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Бундан ташқари, марказ замонавий компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар билан жиҳозланган. Юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли узатиш орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд.
Матбуот марказининг очилиш маросимида Афғонистон бўйича мутахассис ва экспертлар ушбу мамлакат тарихи, дунё ҳамжамияти билан алоқалари, Ўзбекистон – Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий, иқтисодий, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
“Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги тарихий, маданий ва цивилизациявий яқинлик”, “Ўзбек – афғон муносабатлари: ривожланишнинг янги босқичи”, “Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро ташаббуслар” каби мавзуларда маърузалар тингланди.