Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоқ адабиёти кенгашининг 2022 йил давомидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшманинг Қозоқ адабиёти кенгаши раиси Турсунали Аҳмедов ва бошқалар мамлакатимизда барча зиёлиларнинг ўз она тилида эмин-эркин фаолият кўрсатиши, ижод қилиши, бу борада улар учун зарур имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида русийзабон, тожик, қирғиз адабиёти кенгашлари ҳам самарали ишлаб турибди. Қозоқ адабиёти кенгаши эса уюшма таркибидаги энг катта  кенгашлардан биридир.

– Ўтган йил давомида қардош халқнинг бир қатор адиблари ижодига бағишланган маърифий тадбирлар ўтказилди, уларнинг асарлари китоб ҳолида чоп этилди, – деди уюшма раиси Сирожиддин Саййид. – Қозоғистонлик ёш ижодкорлар уюшмамиз томонидан ташкил этилган Марказий Осиё ёш ижодкорлари форумида фаол иштирок этди. 100  жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуасида қозоқ ёзувчи ва шоирларининг ҳам асарлари ўрин олгани эътиборлидир. Забардаст шоиримиз Ғафур Ғулом билан қозоқ ёзувчиси Собит Муқоновнинг дўстлигини ҳавас билан эслаймиз. Бундай дўстлик муносабатларининг кучайишида биз – ижодкорлар фаол меҳнат қилишимиз керак.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2022 йил давомида Қозоқ адабиёти кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан бирга кўплаб адабий тадбирлар, янги китоблар тақдимотлари, адабий учрашувлар, атоқли адиб ва шоирларнинг таваллуд кунига бағишланган маданий-адабий, маърифий тадбирларни ўтказди. Шунингдек, Қалдибек Сейдановнинг 80 йиллик юбилейи кечаси, Рисолат Налибоеванинг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ташкил этилди.

Мазкур  кенгаш ва унинг аъзолари 2022 йилда юртимиз адабий ҳаётида муҳим  ўринга эга бўлган 10 дан ортиқ тадбирларда қатнашди. Хусусан, 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуасини тўплаш, нашрга тайёрлаш, унинг тақдимот маросими каби жараёнларда фаол қатнашди. Шу билан бирга йил давомида адабий алоқаларнинг ривожланиши, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга оид юртимиз ва хориждаги турли илмий анжуманлар, адабий тадбирлар, ижодий учрашув ва давра суҳбатларида иштирок этди.

Ўтган йил Қозоқ адабиёти кенгаши аъзолари учун муваффақиятли йил бўлди. ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан Кенгаш аъзолари Қалдибек Сейданов ва Эргаш Абдувалитов “Мухтор Авезов” медали билан, Аноргул Қалдибекова “Ахмет Байтурсунов” медали билан тақдирланди. Эргаш Абдувалитов давлатимизнинг юксак мукофоти – “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига шоир ва адиблар Науризбай Жарбосин ўғли, Анар Налибаева, Абдулла Рустамов сингари ижодкорлар қабул қилинди.

2023 йилда ҳам шоир ва адибларнинг янги китоблари тақдимотлари, умумий ўрта мактабларда адабий учрашувлар, юртимизнинг турли ҳудудларида маданий-адабий учрашувлар, маърифий тадбирлар, давра суҳбатларини ўтказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга “Қозоқ тилидаги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида китобхонликни тарғиб қилиш”, “Алаш шиорли адабиёт” каби мавзуларда давра суҳбатлари, кўплаб ўзбек ва қозоқ шоир ва ёзувчилари ижодига бағишланган маърифий кечалар, адабий анжуманлар, учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қозоқ адабиёти кенгаши фаолиятининг келгусидаги режалари хусусида батафсил сўз юритилди.


Н.Усмонова, ЎзА мухбири