Энергетика вазирлиги матбуот хизмати 30 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш натижалари бўйича маълумотни тақдим этди.

Унга асосан электр станциялар орқали 224 миллион 600 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, истеъмолчиларга 218 миллион 100 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди. Шунингдек, улар 144 миллион 700 минг метр куб табиий газ ва 2000 тонна суюлтирилган газ билан таъминланган. Ҳудудларда 2 минг 600 тонна суюлтирилган газ ҳамда 23 минг 500 дона газ баллон захираси мавжуд.

Бюджет ташкилотларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 1400 тонна кўмир ҳудудлардаги омборларга ортиб юборилди.

Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Газ тармоқларида табиий газ босими кўтарилиши натижаси 1 кунда 241 та маҳалладаги 77 минг 359 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди. Газ тармоқларида содир бўлаётган носозликларни бартараф этиш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилмоқда.

 

ЎзА