Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Давронбек Жуманазаров иштирокида брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди. Шу муносабат билан университетда бир қатор бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқитиш жорий қилинди.

Мазкур университетнинг бакалавриати кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ҳамда магистратура мутахассисликларининг кундузги таълим шаклига номзодларни саралаб олиш ва ўқишга қабул қилиш учун қабул комиссияси жорий йил 1 февралдан иш бошлайди ва қабул жараёни жорий йилнинг 20 март кунига қадар (шу куни ҳам) давом этади.

Номзодларни саралаб олиш тадбирлари 31 мартга қадар ташкил этилади. Дастлабки саралашдан муваффақиятли ўтган номзодлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига қўйилади. Тест синовлари натижаларига кўра юқори балл тўплаган номзодлар университет қабул комиссиясининг қарорига асосан ўқишга қабул қилинади.

Ўқишга кириш истагини билдирган фуқаролар таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимлар орқали:

“Махсус вазифаларни бажариш қўшинларининг қўмондонлик-тактик фаолияти”;

“Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”;

“Хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш”;

“Халқаро ҳарбий ҳамкорликни ҳуқуқий таъминлаш”;

“Иқтисодий хавфсизлик”

“Аниқлаш ва қўриқлаш тизимлардан фойдаланиш бўйича қўмондонлик-муҳандислик фаолияти”;

“Қўриқлаш бўлинмаларининг қўмондонлик-тактик фаолияти” таълим йўналишларига ҳужжат топширишлари мумкин.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари орқали “Йўл-патрул хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Патрул-пост хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Паспорт тизимини ҳуқуқий таъминлаш” таълим йўналишларига ариза билан, ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ўзлари хизмат ўтаётган ҳарбий қисмга (муассасага) билдирги билан мурожаат қилишлари керак бўлади.

«Халқаро ҳарбий ҳамкорликни ҳуқуқий таъминлаш” таълим йўналишига ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар чет тилини билиш даражаси ҳақидаги халқаро тан олинган дастурлар ёки давлат намунасидаги В2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлганда университетга ўқишга кириш бўйича танловда иштирок этади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА