Давлат хизматчиларидан бир гуруҳи тажриба алмашиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)га ташриф буюрди. Сафарнинг илк кунидаёқ аниқ келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов бошчилигидаги делегация Инсон ресурслари федерал идораси (FAHR) раҳбарияти ва масъуллари билан мулоқот қилди. Учрашув аввалида икки ташкилот фаолияти юзасидан тақдимотлар қилинди.

Давлат хизмати самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва 2023 йилда амалга ошириладиган тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Хусусан, давлат хизматида кадр таркибини таҳлил қилиш, мониторинг ва прогнозлаш, «Human Resources Maturity Index», давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш методикалари, давлат хизматчиларининг компетенцияларини белгилаш ва «Government Competency Framework» бўйича БАА тажрибасини ўрганиш, амалиётга татбиқ қилиш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Хизмат сафари давомида БАА Бош вазири офиси масъуллари билан учрашув бўлиб ўтади. Муҳаммад бин Рашид номидаги ҳукумат мактабида кадрлар тайёрлаш тизими ва давлат секторида инновацияларни жорий этиш тажрибаси ҳам ўрганилади.

Бундан ташқари, БАА Таълим вазирлиги ҳамда Йўллар ва транспорт ташкилотида музокаралар олиб борилади. Давлат хизматчилари ва соҳа мутахассислари учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.

ЎзА