Маълумотларга кўра, 1965 йилда ўз мустақиллигига эришган Сингапур коррупция ботқоғида бўлган. Жамиятда қонунсизлик авжига чиққан, мамлакат ўта оғир иқтисодий кунларни бошдан кечирган. Ўша вақтдаги бош вазир Ли Куан Юнинг қатъияти туфайли XX аср охирига бориб Сингапур коррупция кескин камайган ва ривожланган мамлакатга айланди.

Ҳар бир мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч илм-фан, таълим ва тарбиядир. Сингапурда мамлакат ва хориж олий ўқув юртларида илм-фаннинг энг замонавий йўналишлари ва илғор технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида Сингапур илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Айни пайтда бу мамлакат Ер шарида 10 минг киши ҳисобига олимлар кўпчиликни ташкил этадиган беш мамлакат қаторидан жой олган.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сингапур таълим тизими ютуқлари, ўзига хос жиҳатлари ва таълим усуллари ҳақида фикрларини билдирди:  

– Сингапур таълим тизимининг тараққий этишида давлат томонидан мустақилликка эришган пайтдан бошлаб олиб борилган ислоҳотларнинг ўрни беқиёслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Йил бошидан чет давлатларга ташриф айнан Сингапурдан бошлангани бежиз эмас. Бу — йил номи билан узвий боғлиқ. Энг асосий мақсад сифатли таълим ва инсон капиталини ривожлантиришдан иборат. Инсон капитали деган масалада сўз кетганда, аввало таълим биринчи аҳамиятли жиҳат сифатида юзага чиқади. Давлатимиз раҳбарининг Сингапурга давлат ташрифи муносабати билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, олий таълим муассасаларига ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари бўйича мулоқот ўтказди.  Давлат таълим тизимидаги кўплаб жиҳатлар менда катта таассурот уйғотди.

Сингапурда олий таълимга мудофаа тизими даражасида эътибор берилиши диққатга сазовордир, яъни қатъий тартиб-интизом, назорат йўлга қўйилган. Ҳатто, мамлакат ривожланишининг илк босқичларида таълим тизимига раҳбарлар мудофаа тизимидан тайинланган.  

Сингапурда турли миллатлар, ижтимоий қатламлар вакиллари истиқомат қилгани сабабли мактаблардаги барча фанлар инглиз тилида ўқитилади. Шу билан бирга, ўқувчиларга она тили чуқур ўргатилади. Демак, ҳозирда мамлакатимиз мактабларида инглиз тилининг ўргатилишига катта эътибор берилаётгани, биринчи қадамлар сифатида магистратура ва докторантурага кирувчилардан чет тилларни билиш талаби қўйилишида ҳам аниқ мақсадлар белгиланган.

Таълим дастурларига албатта тилларни ўрганиш, табиий фанлар, математика ва гуманитар фанлар киритиларканки, бу талабаларнинг мантиқий фикрлашига ва бутун умри давомида мустақил ўқиб, ўрганишига замин яратади. Ўқувчи ва талабаларнинг ижодкорлигини ривожлантириш ўта муҳим саналади. Ёшлардан кўплаб фанларни эмас, балки бир йўналишни чуқурроқ ўрганиш талаб этилиши лозим. Сингапурда барча мактабларда умумий имтиҳонлар эмас, турли предметлар бўйича баҳолаш ўтказилиб,  натижаларга кўра, ўқувчилар предметлар бўйича иқтидори аниқланади.  Шунга кўра, улар йўналишларга ажратилиб, алоҳида дастурларда ўқитилади. Шу пайтнинг ўзидаёқ қайсидир маънода болаларнинг тақдири белгиланади.

Таълим сиёсати давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши билан баравар юриши керак, деган тамойилга амал қиладиган давлатнинг ҳар бир ОТМ битирувчиси иш жойига эга бўлиши шарт. QS рейтингига кўра, дунёда 11-ўрин, Осиёда 1-ўринни эгаллаб келаётган Сингапур Миллий университети раҳбарлари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг бирорта битирувчиси ишсиз эмаслиги мени ҳайратга солди. Университет битирувчиларининг ишга жойлаша олмаслиги бу олий ўқув юртининг нуфузи, шаъни ва қадриятларига путур етказади, деб ҳисобланади. Олий таълим муассасалари ишчи ўрин яратилмаган соҳаларда ўқиш ташкил этмайди.  Ишчи ўрни бор соҳаларга мос равишда таълим дастурлари ишлаб чиқиб, ҳар бир университет ўз навбатида ишчи ўрин учун курашади. Бу таълимда рақобат муҳитини яратади.

Бугунги кунда юртимиз олий таълим муассаларида ихтирочиларга етарлича шароитлар яратилиб, изланувчиларнинг ғояларини маҳсулотга айлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Тадқиқотчилар томонидан катта муаммоларга ечим бўладиган лойиҳалар яратилса, серияли ишлаб чиқаришгача етиб бориш таъминланмоқда. Амалиётда самарадорлиги исботланган технологияларни жорий этиш, ривожланиш имкониятлари катта бўлган маҳсулот ёки хизматни яратиш ғоясини амалга ошириб, бозорга олиб чиқиш учун шароит яратилаётгани сингапурликлар эътирофига сазовор бўлди. Мана шу жиҳат яқин беш йил ичида ўзининг катта натижаларини бериши таъкидланди.

Жорий йил бошида 4 та икки томонлама ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳамкорлик битими, шунингдек, “Temasek Polytechnic” (Сингапур) институти,  Сингапур Менежментни ривожлантириш институти, “TMC Academy” институти билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Сингапур Таълим вазирлиги билан ҳукуматлараро битим доирасида умумий-ўрта, олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, педагогик кадрлар тайёрлаш, баҳолаш тизими бўйича ўзаро тажриба алмашишга келишилди. Сингапур фан, технологиялар ва тадқиқотлар агентлигида икки давлат олимлари, илмий муассасалари, идоралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзбекистонлик талаба ҳамда олимлар тадқиқотлари учун грант маблағларини жалб қилиш, лабораториялар ўртасида ҳамкорликда ишларни ташкил қилиш муҳокама этилди.

Иқтидорли ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир бир иқтидор эгасига индивидуал ёндашиш муҳим жиҳат. Сингапурда таҳсил олаётган ва илмий тадқиқот олиб бораётган бир гуруҳ ўзбек ёшлари билан ташкил этилган давра суҳбатида англадимки, бу ёшлар икки давлат таълим тизимидаги фарқни билади, муаммоларни кўра олади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан “Temasek Polytechnic” (Сингапур) ўртасида олий таълим ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра, мазкур олийгоҳ билан Ўзбекистоннинг тегишли олий таълим муассасалари стартап ва инкубациялар бўйича ҳамкорлик қилади. Қолаверса, вазирлик ва Сингапур “ТМС” академияси ўртасидаги Англашув меморандумидан Тошкент шаҳридаги “ТМС” институти учун янги бино қуриш, бино учун жой ажратиш, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар алмашинуви, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни биргаликда тайёрлаш ва нашр этиш каби масалалар ўрин олган.

Сингапур таълим тизимидан олган хулосаларимиздан келиб чиққан ҳолда шуни алоҳида таъкидлардимки, талаба ва ўқувчиларга сифатли таълим бериш, олий таълим муассасаларидан малакали мутахассисларнинг етишиб чиқишларини таъминлаш лозим. Ўқишга кирган талаба билим олишда масъулиятли бўлиши, ўқий олмаса, фанларни ўзлаштира олмаса, ўқишдан  четлаштирилишини билиши керак. Профессионал таълимни ривожлантириш, дуал таълим (ўқиш+амалиёт) орқали қисқа вақтда ишлаб чиқариш жараёнларига тайёр кадрлар тайёрлаш мумкин.

Дипломли, аммо билимсиз кадрларни етиштиришга барҳам бериш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, илмий даражали кадрлар тармоқ, илмий муассасалар эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрланиши ҳам муҳим. Бакалаврлар, магистрлар, илмий даражали олимлар иш билан таъминланиши шарт.  

Ҳозир мамлакатимизда ишсиз битирувчилар кўп, юқори малакали кадрларга эҳтиёж катта. Яқинда пайдо бўлган ёки энди пайдо бўладиган касбларга ўргатиш каби юқори марраларни олдимизга қўйишимиз керак. Интерфейслар дизайни, компьютер хавфсизлиги, маълумотлар тўғрисидаги фанлар каби соҳаларга яқин келажакда талаб кучайишини инобатга оладиган бўлсак, таълим сифати билан ажралиб турадиган Сингапур каби давлатларнинг тажрибаларидан фойдаланишимиз мамлакатимиз тараққиёти, иқтисодиётимиз ўсишига хизмат қилади, – деди вазир.

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,  

ЎзА