Соғлиқни сақлаш соҳаси, деганда аксарият ҳолларда шифокорларни тушунамиз. Сир эмаски, тизимда коррупциявий жиноятлар кўпроқ содир этилиши мониторингларда аниқланган. Бироқ, таҳлиллар коррупциявий жиноятларга қўл ураётган шахсларнинг аксарияти шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимлари эмас, балки раҳбар ва маъмурий бошқарув ходимлари, яъни мансабдорлар ҳиссасига тўғри келган.

2022 йил давомида соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақларини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларига тегишли мол-мулклар ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ.

Булар орасида эса тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда уларга иш ҳақларини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупциявий жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимдаги жами жиноят содир этган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этган.

Демак, тизимдаги маъмурий бошқарув ходимларнинг малакасини ошириш, ишга қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш муҳим.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасининг ижро этилиши: мавжуд муаммо ва режалар» мавзусида ташкил этилган мулоқотда шулар ҳақида фикр юритилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этган тадбирда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасининг ижро этилиши юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция кўп учраётган ва ходимлари аҳоли билан кўп мулоқотга киришувчи соҳаларда масъул вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда коррупциявий омилларни бартараф этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш жараёнида тизимдаги коррупцияга оид ҳолатлар ҳақида тезкор хабар бериш учун «1203» қисқа рақамли «ишонч телефони» ва Call-марказ ишга туширилди.

Давлат тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер беришни тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш механизми жорий этилди.

Ўндан ортиқ хизмат турлари тўла электрон шаклга ўтказилиб, даволаш-профилактика муассасаларининг тасдиқланган пуллик хизматлари миқдори вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши таъминланди.

Соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган 26 мингдан ортиқ тарғибот материал тайёрланиб, 3 мингдан зиёд тиббиёт муассасаси, оилавий поликлиника ва шифохоналарнинг кириш жойларига жойлаштирилди ҳамда «Соғлиқни сақлаш ходимлари учун коррупцияга қарши курашишга оид эслатма» тайёрланиб, тизим ходимларига тарқатилди.

Мулоқот давомида оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Агентлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш йўналишлари тўғрисида ўз таклифларини билдирди.

Йиғилиш якунида соҳада коррупцияни бартараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлашга оид вазифалар акс этган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма баёноти қабул қилинди.

Баёнотда амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда жамоатчиликка тақдим этиб бориш ва муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш, ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш, ишга қабул қилиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича электрон платформани ишга тушириш каби йўналишларда муҳим вазифалар белгиланди.

Шунингдек, вазирликнинг расмий веб-сайтида тизимдаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни акс эттириб бориш, тиббиёт ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш, тиббиёт муассасалари банд қилинган ва бўш турган ўрин (жой) ҳақида онлайн маълумот берувчи электрон платформани ишга тушириш, соҳани рақамлаштириш масалалари ўрин олди.


Н.Абдураимова, ЎзА