Маълумки, мамлакатимизда ёшлар орасида ҳарбий хизматга ва ҳарбий касбга бўлган қизиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг нуфузини янада ошириш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга имтиёз тизимини такомиллаштириш мақсадида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий қисм кўмондонлигининг тегишли тавсияномасига асосан республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ва олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга киришда имтиёз яратиш тизими жорий этилган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Йўлдошев иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, жорий йил 26-31 январь кунлари Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш ҳамда уларнинг билим даражасини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари ўтказилади.
Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 тадан иборат бўлиб, тест синовларини ўтказишнинг умумий вақти 3 соатни ташкил этади.
Тавсиянома бериш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилиш учун ҳар бир муддатли ҳарбий хизматчи тест синовларининг натижалари, намунали ҳарбий интизоми ва ўқув фанларидан қўйилган якуний ўртача кўрсаткичи йиғиндиси жамланади. Хизмат мобайнида Давлат мукофотлари билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчилар тест синовларининг натижаларидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Тавсиянома олган муддатли ҳарбий хизматчилар республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга, республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Тақдим этилган тавсиянома уч йил мобайнида амал қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА