Остона шаҳрида «Марказий Осиё-2030: келажак қиёфаси» экспертлар учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир доирасида минтақамизни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилиниб, муаммолар ҳал қилиниши узоқ муддатга мўлжалланган стратегик истиқболни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов анжумандаги чиқишида қайд этганидек, Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг сиёсий иродаси ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати минтақани биргаликда ривожлантиришга, умумий тараққиёт йўлидаги қадамларни бирлаштиришга хизмат қилади:

«Биз глобал сиёсатда Марказий Осиёнинг минтақавий субъект сифатидаги ролини мустаҳкамлай бошладик. Бутун дунёда Марказий Осиёнинг овози тобора баралла янграмоқда: бизни эшитишмоқда, бизга қулоқ солишмоқда. Аслида, бугун биз умумий келажагимизни яратмоқдамиз. Марказий Осиё минтақаси кенг миқёсли шериклик ва ўзаро ҳамкорлик маконига айланмоқда.

Мамлакатларимиз раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми минтақада давлатлараро муносабатнинг янги парадигмасига асос солиб, Марказий Осиёнинг аввалги қудратини тиклашга имкон берувчи ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун замин яратди».

У шунингдек барқарор Марказий Осиё иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланаётганига урғу берди. Сўнгги 6-7 йил саноат, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги кооперация бўйича йирик инвестициявий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишда муҳим давр бўлди. Қўшма инвестиция компаниялари ташкил этилди, минтақалараро алоқалар фаол ривожланмоқда. Бундай суръат аввал кузатилмаган.

Минтақанинг умумий ЯИМ сўнгги йилларда 25 фоиз, сўнгги 20 йил ичида эса етти баробардан зиёд ортиб, 347 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Шу ўринда МОХИ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаган қуйидаги сўзларни келтириб ўтди: «Бугунги реал воқелик биздан Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлашни талаб қилмоқда».

Бундан ташқари В.Норов Ўзбекистон раҳбарининг минтақани ривожлантиришга қаратилган, аввало, ўзаро савдо ҳажмини тубдан ошириш, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш, тез фурсатда замонавий энергетика инфратузилмасини яратишга доир қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш билан боғлиқ ҳамкорликнинг турли муҳим йўналишларига доир ташаббусларига ҳам тўхталиб ўтди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида эркин савдо тартиби ўрнатилгани қайд этилди. Бу жараён нафақат икки томонлама келишувлар, балки кўп қиррали форматдаги битимлар билан ҳам тартибга солинмоқда.

У тез фурсатда саноат кооперацияси билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, шу асосда узун қўшилган қиймат занжирини яратиш заруратини қайд этди.

Бунда Марказий Осиё саноат локализацияси ва импорт ўрнини босиш маконини шакллантиришга доир умумий ёндашувлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

В.Норов ҳамкорликнинг яна бир жадал ривожланаётган йўналишига тўхталди. Бу чегара олди саноат кооперацияси ва савдо ҳудудлари ташкил этиш масаласидир. Унинг фикрича, бу минтақалараро алоқа ривожини рағбатлантирган ҳолда, янги ишлаб чиқариш корхоналари ва тегишлича янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Минтақавий ҳамкорликнинг яна бир йўналиши хорижий инвестиция жалб қилиш учун саъй-ҳаракат ва ресурсларни бирлаштиришдан иборат.

МОХИ раҳбари инвестиция соҳасида умумий минтақавий инвестиция жозибадорлигини ошириш учун ягона қулай ишбилармонлик муҳити ҳосил қилиш, шунингдек умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда минтақавий лойиҳаларни молиялаштириш учун Марказий Осиё Инвестициявий жамғармасини яратиш имкониятини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Маърузачи маълумотига кўра, кейинги 10 йил ичида Марказий Осиё 170 миллиард, жумладан нохом ашё тармоқларига 40-70 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш салоҳиятига эга.

Шу билан бирга МОХИ директори туризм соҳасидаги ҳамкорликни ҳам янада мустаҳкамлаш лозимлиги, бу мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг таъсирчан омилига айланиши мумкинлигини эътироф этди.

У минтақа ичида туризмни ривожлантириш, “Бир тур – бир минтақа” қўшма дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш заруратига урғу берди.

Мазкур йўналишда Ўзбекистон ва Қозоғистон “”Осиё шенгени” дея эътироф этилаётган «Silk Road Visa» лойиҳасини жорий этиш йўлидаги ишларни фаол бошлаб юборган. Бунга Қирғизистон ва Тожикистон сайёҳлик компаниялари ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА