Прокуратура органлари жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, тизим фаолиятига ошкоралик бериш, жамоатчилик билан алоқаларни таъминлаш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда.

2022 йил давомида 146 минг 354 қонунчилик тарғиботи тадбирлари амалга оширилди. Шундан 45 мингдан ортиғини оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ташкил қилган.

Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоқларида чиқаётган танқидий мақолалар доимий равишда ўрганиб борилмоқда ва ўрганиш натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, прокуратура органлари аралашувини талаб қиладиган 650 дан ортиқ танқидий мақола аниқланиб, улар юзасидан тегишли баёнотлар берилган. Танқидий мақолаларни ўрганиш натижасида 248 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.

Халқ олдида ҳисобот бериб бориш ҳамда жамоатчиликка холис ахборот етказиш мақсадида халқ депутатлари кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонунийлик аҳволи ҳақида мингдан ортиқ ахборот ва ҳисобот берилган.

Прокуратура органлари томонидан интернет ижтимоий тармоғидаги чиқишларга асосий эътибор қаратилиб, Бош прокуратуранинг расмий сайтида жами 2 минг 770 маълумот, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда 8 минг 691  хабар, янгилик, видеоролик ва инфографикалар жойлаштирилган.

 

ЎзА