Барча тизимлар қатори кадастр соҳасига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Ўтган 2022 йилнинг 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши бунинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш муносабатларини тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда, ер участкалари, бинолар, иншоотларга, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектларга, кўп йиллик дов-дарахтларга, мулкий мажмуа сифатидаги корхоналарга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

Бошқарма томонидан ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, ер муносабатлари тартибга солиниши ва аҳолига давлат кадастр хизматларини кўрсатишда натижали ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2021 йилда 50 минг 600 кўчмас мулк объектига кадастр паспорти берилган бўлса, 2022 йилда 59 минг 823 та, 2021 йилга нисбатан 15 фоизга кўп хизмат кўрсатилди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш хизматини кўрсатишда ҳам олдинги йилга нисбатан ўсиш кузатилди. 2021 йилда 48 минг 387 давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати кўрсатилган бўлса, 2022 йилда 56 минг 736 давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси автомобиль йўллари бош бошқармаси билан ҳамкорликда ишлар натижасида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги 4 минг 254 километр автомобиль йўли тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр паспорти шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ шаҳар ва туманлар қурилиш бўлимлари билан биргаликда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини юритиш учун электрон аукцион савдога чиқарилган 1 минг 986 та, жами 282,83 гектар бўш ер майдонидан 475 таси, якка тартибдаги турар жойлар қурилиши учун 223 та, жами 8,9 гектар ер майдонидан 63 таси реализация қилинди. Эгаликдаги, фойдаланишдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларни хусусийлаштириш бўйича 179 та ер участкасининг топохариталари тайёрланиб, хусусийлаштиришга келишув берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун 525 та, жами 5 минг 408,9 гектар ер участкасини ажратиш материалини тайёрлаш хизмати кўрсатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал ва халқ қабулхоналари орқали, шунингдек бошқа ташкилотлардан келиб тушган жами 1 минг 116 та мурожаат кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган 423 та фуқаролар йиғинининг картографик материалини тайёрлаш ишлари бажарилди ва ҳудудий статистика бошқармасига қабул қилиш далолатномасига мувофиқ топширилди. Бундан ташқари, барча фуқаролар йиғинининг харитаси тайёрланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳокимликлар томонидан тасдиқланди.

 

Узақбай Жалелов,  

Давлат кадастрлари палатаси  

Қорақапоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи.  

ЎзА