Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши тасарруфидаги Нукус шаҳар ўқув-спорт техника клуби, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлар бошқармаси, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Нукус шаҳар “Aқ жағис” маданият маркази билан ҳамкорликда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида тадбир ўтказилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 декабрь кунги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбирдан кўзланган мақсад, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида аҳолига, айниқса ёшларга етказиш ҳисобланади.

Шунингдек, ёшларни, айниқса унинг уюшмаган қисмини касбга тайёрлаш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар фарзандларини бепул асосда, давлат бюджети ҳисобидан ўқитилиши бўйича яратилаётган шароитлар ва имкониятларни тушунтириш, болалар, ўсмирлар ва ёшларни ташкилот тизимида мавжуд спортнинг техник ва амалий турлари бўйича секция ҳамда тўгаракларда бепул шуғулланишлари учун жалб қилиш, фуқаролар ва ёшларни ўқув-спорт техника клубида яратилган шароитлар, унинг имкониятлари билан яқиндан таништириш, касб танлашга йўналтиришдир.

Тадбирда Нукус шаҳар, Нукус тумани миқёсида “Ватанпарвар” ташкилоти ҳузуридаги авто, мотоспорт клублари, авиа ва ракета моделлаштириш тўгаракларининг кўргазмали намойишлари, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисларни тайёрлаш маркази курсантларининг чиқишлари, умумтаълим мактаблари “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати аъзоларининг қўл жанги бўйича саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларидан ташкил топган 24 та жамоа ўқ отиш спорт мусобақасида куч синашди. Унда ғолиблар рағбатлантирилди.


Довуд Абибуллаев, ЎзА