Хабар берганимиздек, эртага 12 январь куни АҚШнинг Лейк-Плэсид шаҳрида ХХХI Бутунжаҳон қишки Универсиада ўйинлари бошланади.

Дунёнинг 44 та мамлакатидан 1 минг 400 нафардан зиёд спортчилар қатнашадиган нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг 13 нафар спортчиси фигурали учиш, тоғ чанғиси ва сноуборд йўналишларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

2023 йилнинг илк комплекс мусобақаси бўлган мазкур Универсиада ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси бугун эрта тонгда Тошкент – Нью-Йорк рейси билан океан ортига етиб борди.

– Спорт жамоамизнинг кайфияти аъло. Бизни Нью-Йорк аэропортида ХХХI Бутунжаҳон қишки Универсиада ўйинлари ташкилий қўмитаси томонидан ажратилган махсус гуруҳ кутиб олди. Кун давомида жамоамиз учун ажратилган меҳмонхонага жойлашамиз. Спорт турлари бўйича белгиланган спорт мажмуаларни куздан кечирамиз. Спортчиларимиз тақдим этилган талабномалар асосида рўйхатдан ўтишади, – дейди телефон орқали мулоқотда делегация раҳбари, Ўзбекистон талабалар спорт ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Эркин Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, эртага 12 январь куни Универсиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Ҳамюртларимиз мусобақа дастурига биноан 13 январдан баҳслардаги иштирокини бошлайди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА