Халқаро паралимпия қўмитаси 2024 йил Париж шаҳрида бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинлари учун медаллар жамланмаси дастурини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси маълум қилди.

Хабарда келтирилишича, “Париж-2024” Паралимпиадасида аёллар ўртасида 235 та медаллар жамланмаси ўйналади. Бу, “Токио-2020” ўйинларидан 8 тага кўп деганидир. Бундан ташқари, ўйинларда камида 1 минг 859 нафар аёл спортчи иштирок этади. Айни ҳолат “Токио-2020”дан 77 тага ортиқлигидан далолат.

Яна бир эътиборли жиҳат “Париж-2024”да оғир турдаги ногиронлиги бўлган спортчилар учун кўпроқ мусобақалар ўтказилади.

Париждаги Паралимпия ўйинларида жами 4 минг 400 нафардан ортиқ бўлмаган спортчи иштирок этади ва спортнинг 22 тури бўйича 549 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

Шунингдек, оғир турдаги ногиронлиги бўлган спортчилар учун рақобат имкониятларини кенгайтириш мақсадида бочча спорт тури бўйича медаллар сони 7 тадан 11 тага оширилади.

“Париж-2024”даги бешта жамоавий спорт турлари бўйича мусобақалар тизими мувофиқлаштирилади. Энди барча жамоавий мусобақаларда 8 та жамоа иштирок этади.

Бадминтон баҳсларида бу гал 16 та медаллар жамланмаси ўйналади. Бу, “Токио-2020” Паралимпиадасидан 2 тага кўпдир.

Медаллар жамланмаси Халқаро паралимпия қўмитаси Ижроия кенгашида тасдиқланади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА