Британия ҳукумати Англияда бир марталик пластик идишлар, жумладан, ошхона идиш-товоқларидан фойдаланишни тақиқламоқчи, деб хабар бермоқда Guardian газетаси.

Нашрнинг ёзишича, статистикага кўра ҳар йили тахминан 1,1 миллиард дона бир марталик тақсимчалар ва 4,25 миллиард  дона бир марталик пластик ошхона жиҳозлари ишлатилади. Уларнинг  атиги 10 фоизи қайта ишланар экан. Аввалроқ  худди шундай тақиқ Шотландия ва Уэльсда ҳам жорий қилинган эди. 2020 йил кузда Британияда пластик ишлатилиб тайёрланган пахта таёқчалар ва коктейл ичадиган найчалардан фойдаланиш тақиқланган эди.

Газета берган маълумотга кўра, атроф-муҳитни ҳимоялаш вазирлиги шанба куни мазкур масалада маслаҳатлашув натижалари эълон қилганидан кейин ушбу чорани жорий этади. Бу масалада 2021 йил ноябрдан 2022 йил февралгача мамлакатда сўров ўтказилган эди.

Евроиттифоқ қонунчилиги доирасида 2019 йилдан бошлаб  Европа иттифоқида маълум бир пластикдан ясалган  буюмлар бозордан олиниши керак эди.

2021 йил январдан Германия ҳукумати ҳам ресторанлар ва кафеларга кўп марта фойдаланиладиган идишларда таом тарқатишни мажбурий қилиб қўйган.

Денгизларда чиқиндиларнинг  80 фоизидан зиёди пластик буюмларга тўғри келаркан. Бир марталик идишлар қисқа вақтда фойдаланилади ва кейин ташлаб юборилади. Натижада пластик чиқиндилар кўп ҳолларда денгизга тушади ҳамда  соҳилларда тўпланиб қолади. Бу албатта, денгиз жониворлари ва ўсимликларига, шунингдек, инсон саломатлигига хавф туғдиради,  дейилади хабарда.