Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, республиканинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам эрта тонгдан бошланди. 

– Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилаётган ҳашарда 1 миллион 460 мингдан зиёд киши иштирок этади, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходими Таваккал Абдухаликов. – Уларнинг 920 мингдан ортиғи ёшлардир. Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ёлғиз кексалар, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уй-жойларини тозалаш, саришталашга кўмаклашиш бўйича акция ўтказиш режалаштирилган.

Ҳашар иштирокчилари ҳар бир хонадон, кўча, хиёбон ва маҳаллада ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда. Наврўз байрами тадбирлари ўтказиладиган жойлар, фойдаланишга топшириладиган янги иморатлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо марказлари атрофларини тартибга келтириш, ниҳол ва гул экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боғларда дарахтларга шакл берилаётир.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлимидан олинган маълумотларга кўра, икки кун давомида 2 минг 876 гектар майдон ободонлаштирилиб, 3 минг 952 тонна чиқинди чиқариб ташланади, 1 минг 573 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланади, 468 қабристонлар ва 42 зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Бу ишларга 980 техника жалб этилган.

Умумхалқ ҳашарида кекса ва ногирон, ёлғиз яшовчи қариялар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилади.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА