Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) 2022 йил якунлари бўйича эълон қилган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон 135 та давлат орасида 37 минг 600 очко жамғарган ҳолда 2-ўриндан жой олди.
Ушбу натижага эришишда боксчиларимизнинг Халқаро бокс ассоциацияси тизимидаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли мусобақалардаги иштироки ва кўрсатган натижалари инобатга олинган. Масалан, IBA баҳолаш мезонларига биноан қитъа чемпионатида олтин медалга мушарраф бўлган боксчилар 1200 очко жамғарса, кумуш — 900, бронза соҳиблари 700 очкога эга бўлган.
Мамлакатимиз боксчилари ўтган йили катталар ўртасидаги қитъа чемпионатида 5 та олтин медалга эга бўлиб, эркаклар ўртасида умумжамоада 1-ўринга кўтарилди. Аммо боксчи қизларимизнинг бу борада Қозоғистон вакилларидан медаллар жамғаришда ортда қолиши умумий натижага таъсир кўрсатди. Мазкур рейтингнинг 3-поғонасини 36 минг 300 очко жамғарган Ҳиндистон боксчилари банд этди. Улардан кейинги қаторлар АҚШ, Туркия, Мексика вакилларига тегишли бўлди.
Айтиш лозим, ушбу рейтинг фақат катталар терма жамоаларининг натижалари асосида ишлаб чиқилган. Агарки, турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларнинг жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги натижалари ҳам умумий рейтингга қўшилганда, сўзсиз, Ўзбекистон бокс жамоаси ягона етакчига айланиши шубҳасиз эди.
Боиси, мамлакатимиз ўсмир боксчилари қитъа ва жаҳон чемпионатларида, “Осиё болалари” ўйинларида ва бошқа халқаро турнирларда доимий тарзда етакчиликка эришиб келди. Худди шунингдек, ёшлар терма жамоаси ҳам 2022 йилги мусобақаларда муносиб ютуқларга сазовор бўлди. Жумладан, Испаниянинг Ла-Нусия шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг ёш боксчилари 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиққан ҳолда умумжамоада 1-ўринга эга чиққанлиги ортда қолган йил юртимиз чарм қўлқоп усталари учун муваффақиятли кечганлигини кўрсатмоқда.
Айтиш лозим, 2021 йили Сербияда якунланган жаҳон чемпионатидан кейин IBA рейтингида АҚШ терма жамоаси етакчилик қилиб келаётган эди. Ҳамюртларимиз эса икки йил муқаддам кучли бешликда қайд этилганди. Бу сафар иккинчи ўриндамиз.
Жорий йил май ойида бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати пойтахтимиз Тошкент мезбонлигида ўтишини назарда тутсак, Олимпия йилини юртимиз боксчилари IBA рейтинги етакчиси сифатида қаршилашига ишонгимиз келади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА