Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифинг 2022 йил давомида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан олиб борилган ишлар таҳлилига бағишланди.

Унда “Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбековнинг маълум қилишича, 2022 йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппаратига тушган жами мурожаатлар сони 528 тани ташкил этган. Унинг 129 таси юридик шахслардан, 399 таси жисмоний шахслардандир.

–Натижаларга аҳамият қаратадиган бўлсак, мурожаатларнинг 84 таси қаноатлантирилган, 429 таси бўйича тушунтириш берилган, 15 таси эса кўриб чиқилмоқда, – деди Р.Эшбеков. – Мурожаатларнинг 195 таси ишга кириш, 58 таси минерал ўғитлар экспорти, 47 таси ҳомийлик ёрдами кўрсатиш, 45 таси қонун ва тартиб бузилишлари, 30 таси минерал ўғитлар сотиб олиш, 21 таси ҳамкорлик қилиш, 20 таси иш ҳақини ошириш, 15 таси дебитор ва кредитор қарздорлик, 5 таси конвертация, 1 таси имтиёзли нафақага чиқиш ва 91 таси бошқа масалалар билан боғлиқдир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали “Ўзкимёсаноат” АЖга жами 226 та мурожаат йўлланган. Улардан 35 таси қаноатлантирилган, 183 таси бўйича тушунтириш берилган, 5 таси рад этилган, 8 таси кўриб чиқилмоқда.

Ушбу мурожаатларнинг аксарияти Навоий, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида яшовчи фуқароларга тўғри келади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали 6 та мурожаат келиб тушган. Унинг 2 таси ижобий ҳал қилинган, 4 таси бўйича тушунтириш берилган. 87 та мурожаат эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси орқали йўлланган.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА