Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев пойтахтитмиздаги таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотлардаги Ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқотда Наврўз арафасида ички туризм ташкил қилинишини айтиб ўтди.

Мазкур саёҳат Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида уюштирилмоқда.

Ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни, айниқса ёш авлодни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси, зиёратгоҳлари, обидалари билан кенг таништиришга хизмат қиладиган ушбу лойиҳада 217 мингдан зиёд йигит-қизлар иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Ушбу эзгу лойиҳа нафақат ёшларни тарихий жойлар билан таништириш, балки, уларнинг туризм соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш, тадбиркорликка кенг жалб этишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

 

ЎзА