Қорақалпоғистон Республикасида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” ғояси мужассамлашган байрам тадбирлари бошланди.

Маънавий-маърифий ва маданий тадбирларда олимлар, ижодкорлар ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳи фаол қатнашмоқда.

– Тарғибот гуруҳи аъзолари Кегейли, Шуманай, Амударё, Мўйноқ, Қораўзак, Беруний туманларида бўлиб, Наврўз байрамининг ўзига хослиги, аҳамияти, тарихи ҳақида батафсил маълумот берди, – дейди Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Қ.Юсупов. – Тошкент шаҳридан келган, шунингдек, қорақалпоқ эстрада қўшиқчилари ижросидаги концерт дастурлари аҳолига байрамона кайфият улашмоқда.

Тарғибот гуруҳи аъзолари 17 март куни Қонликўл, Тахтакўпир, Элликқалъа туманларида, 18 март куни Хўжайли, Тахиятош, Нукус туманларида, 19 март куни эса Нукус шаҳрида бўлади.

 
Анвар Насирлаев, ЎзА