“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.

Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида жойларда ташкил этилган  ишчи гуруҳлари томонидан Нукус шаҳри ва туманлардаги аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий ва инфратyзилма билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, иқтисодий ночор оилаларни хатловдан ўтказиш, уларнинг муаммоларини манзилли равишда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилган эди. Мазкур корхона томонидан Қўнғирот туманидаги “Елобод” шаҳарча, “Устюрт”, “Адабиёт” овул, “Жинишке”, “Туркистон”, “Темир йўл” ҳамда “Орнек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 та эҳтиёжманд оиланинг аҳволи ўрганиб чиқилди. Уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, иситиш мосламаси ва бошқа эҳтиёжлари ҳисоб-китоби қилинди.

Ўтган куни корхона мутасаддилари томонидан ушбу хонадонларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Корхона шунингдек, Нукус шаҳри ва Қўнғирот туманидаги маҳаллаларда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишларига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Жанабазар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи иккита кам таъминланган, эҳтиёжманд оиланинг турар жойини таъмирлаб, том қисмини ёпиб беришда, Қўнғирот тумани “Алмазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички йўлларга қум-шағал ётқизишда ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА