Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги фармони 2-иловаси билан тасдиқланган Миллий дастурнинг 48-банди ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорига мувофиқ “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш белгиланган.

Мазкур танловдан мақсад жамият ҳаётида фаол иштирок эта

ётган ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш,  илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдан иборатдир.

Танлов низомига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари танлов иштирокчилари ҳисобланади.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси танловнинг ишчи органи этиб белгиланган.

Жорий йилда ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда илғор турли соҳа эгалари бўлган 4 минг 600 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди.

 

Жорий йилнинг 27 ва 29 октябрь кунлари танловнинг Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, 15-21 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилди. Танлов низомига кўра Республика босқичига ҳудудлардан “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши уй бекаси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” ,  “Йилнинг энг яхши IT – дастурчи аёли” йўналишлари бўйича 147 та ҳужжат тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш бўйича Республика ташкилий қўмитаси томонидан танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган 147 нафар хотин-қизларнинг ҳужжатларини танлов низомида белгиланган шартлар асосида баҳолаш ишлари ўтказилди.

Республика ташкилий қўмитаси томонидан танлов иштирокчиларининг фаолияти, давлат ва жамиятда тутган ўрни, фаоллиги, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса оила, хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ҳамда жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги билимлари баҳоланди.  Умуман олганда, танлов сабаб қанчадан-қанча истеъдодли, ташббускор хотин-қизлар кашф қилинганлигини эътироф этиш жоиз.

Айни вақтда “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш бўйича Республика ташкилий қўмитаси томонидан танловнинг республика босқичи ғолибларини аниқлаш ишлари давом этмоқда.

 

  Н.Усмонова, ЎзА