Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузасида судьялар кенгаши органлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш таклифини билдирган.

Жаҳон ҳамжамиятида судьялар кенгаши органларининг сони кўпайиб бораётгани ҳамда халқаро миқёсда ушбу органлар фаолиятини тартибга солувчи, ўрни ва аҳамиятини эътироф этувчи аниқ халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд эмаслиги бу таклиф нақадар долзарблигини кўрсатиб турибди.

Шу боис Ўзбекистон Республикасининг давлат ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принциплари лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тошкентда «Судьялар кенгаши органлари фаолиятининг универсал принциплари» мавзусида ўтказилган халқаро тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Дарҳақиқат, судлар фаолиятини ўзини ўзи бошқариш принципи асосида ташкил этиш суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият органларидан мустақил, яъни ташқи аралашувларсиз фаолият юритишини таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан суд органлари ва судьяларнинг мустақиллиги кўп жиҳатдан айнан судьялар кенгашларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан узвий боғлиқдир. Зеро, судьялар кенгашларининг мустақиллигини таъминламай туриб, бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш имконсиздир.

Судьялар кенгашларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашдаги роли унинг фаолиятини мустақил тарзда олиб боришни кафолатлайдиган демократик принциплар асосида ташкил этилганига бевосита боғлиқ. Бунда Судьялар кенгашлари фаолиятини демократик тарзда ташкил этиш, холис амалга ошириш, унинг аъзолари мустақиллигини таъминлаш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатларни белгилаш муҳим вазифа ҳисобланади.

Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда умумжаҳон миқёсда қабул қилиниши режалаштирилаётган мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини барча давлатларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақа ва дунё экспертлари таклифлари муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА