Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Қанликўл тумани ҳудудидан ўтадиган «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлида йўл ҳаракати ҳодисаси рўй берган. Тумандаги “Ассалом” кафеси олдидан Қўнғирот тумани томонига ҳаракатланаётган И.Ш. бошқарувидаги “Volvo” русумли юк автомашинаси йўлни кесиб ўтаётган уч фуқарони уриб кетди.
Оқибатда икки фуқаро воқеа рўй берган жойда вафот этди. Тан жароҳати олган яна бир фуқаро шифохонага ётқизилди.
Шунингдек, жорий йил 1 март куни кечаси урганчлик фуқаро ўзига тегишли бўлган “Лада-Ларгус” русумли енгил автомашинани Қўнғирот тумани ҳудудидан ўтадиган «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлида йўл четида турган “Камаз” русумли автомашинага бориб урган. Йўл ҳаракати ҳодисаси оқибатида “Лада-Ларгус” русумли автомашинадаги уч фуқаро воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолатлар бўйича ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.