Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом асосида бугун жойларда ушбу таълим тажрибаси қўлланилиб келинмоқда.

Хўш, аслида дуал таълим қандай тизим? Ўзбекистонда бу тизимни қўллашдан кўзланган мақсад нима? У қандай натижа беради?

ЎзА мухбири шу ва бошқа саволлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дуал таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Нодир Эргашев билан суҳбатлашди.

– Юртимизда таълим соҳасига “дуал таълим” тушунчасининг кириб келишига нима сабаб бўлди?

– Ҳаммамизга маълум, иқтисодиётни ривожланишида ўрта бўғин кадрларининг ўрни алоҳида ҳисобланади. Ишлаб чиқариш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи касб ва мутахассисликларга бўлган эҳтиёж жуда юқори кўрсаткичларни ташкил этади.

Анъанавий таълим шаклида ўқувчи/талаба олий ёки профессионал таълим муассасасида назарий билимларни кўпроқ эгаллаб, амалиёт қисмини жуда оз соатларда корхона ва ташкилотларда ўтайди.

Шунинг учун, ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими ўрганилиб, замонавий технологиялар ва дастгоҳларда ўқиш билан бир вақтда корхона, ташкилотларда иш фаолиятини олиб бориш имкониятини берувчи дуал таълим шакли Ўзбекистон таълим тизимига киритилди.

“Дуал” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, бирор нарсанинг икки қисмга тааллуқлилиги, иккита нарсани ифодаловчи, икки қисмдан иборат, деган маъноларни билдиради.

Дуал таълим – ўқувчи/талабага таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини берувчи тизимдир.

Бунда ёшлар 2-3 кун таълим муассасасида назарий билимларни ва 3-4 кун корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнларида амалий кўникмаларни эгаллайди.

Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчи/талаба корхона ва ташкилотларда ишга қабул қилинганда уларга корхона томонидан устоз бириктирилади ва ойлик маоши тўланади.

Бугунги кунда ушбу тизим Германия, Австрия, Швейцария ва Корея Республикаси каби мамлакатларда иқтисодиётни ривожлантиришда жуда катта ўринга эга.

– Тизим мамлакатимизда қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинмоқда?

– Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 15-моддасига мувофиқ, “Дуал таълим” таълим олиш шаклларидан бири сифатида киритилди. Қонунга дуал таълим бўйича алоҳида модда (17-модда) ҳам киритилиб, дуал таълимни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бугунги кунда дуал таълимни янада ривожлантириш бўйича хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

– Ушбу тизимни жорий этишдан кўзланган мақсад нима?

 Мақсад иқтисодиётнинг барча соҳаларида малакали ва замонавий касбий кўникмаларга эга ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ҳамда ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.

Айтиб ўтганимдек, ёшлар таълим олиш билан бирга ҳақиқий иш жойида ўз касбий кўникмаларини ривожлантирадилар.

Дуал таълим шакли профессионал таълим тизимида йўлга қўйилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, мактабгача таълим, темир йўл ва қурилиш каби соҳаларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида профессионал таълим муассасаларига дуал таълим шакли бўйича 3 мингдан ортиқ ёшлар ўқишга қабул қилинди.

2022-2023 ўқув йилида профессионал таълим муассасаларига 4,5 мингдан ортиқ ёшлар дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинди ҳамда юқорида айтиб ўтилган соҳаларга қўшимча равишда ахборот технологиялари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ҳам дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, 7,5 мингдан ортиқ ёшлар республикамиздаги профессионал таълим муассасаларида дуал таълим шаклида таълим олиб, 1,5 мингга яқин корхона ва ташкилотларда иш фаолиятини олиб бормоқда.

Олий таълим тизимида эса фақат Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида дуал таълим асосида ўқитиш йўлга қўйилган  (3- ва 4-босқич талабалари учун). Келгуси ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич бошқа олий таълим муассасаларида ҳам дуал таълим шакли асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.

– Ушбу тизим Германия тажрибаси асосида амалиётга жорий этиляпти. Юртимизда қандай натижа беради, деб ҳисоблайсиз?

– Жорий йилнинг июнь ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида профессионал таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва Германия тажрибаси асосида дуал таълимни амалиётга самарали жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Биз биламизки, Германия ўзининг таълим тизимига дуал таълимни бир неча йиллар олдин жорий қилган. Германияда дуал таълим ривожланишининг асосий омили қонунчиликда дуал таълим иштирокчиларининг (корхона, ўқувчи, таълим муассасаси) вазифалари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда Германияда 1,4 миллион ёшлар дуал таълим шаклида таълим олишади. Германияда ҳар йили 500 минг ўқувчи дуал таълимда иштирок этиш учун корхоналар билан шартнома имзолашга эришади ва 74 фоиз ёшлар ўқишни якунлагандан сўнг иш берувчи билан меҳнат шартномаси имзолашга эришади.Корхона томонидан ўқувчи(лар)га малакали ва махсус синовдан ўтган ҳамда сертификатга эга бўлган устоз бириктирилади.

Дуал таълимни ташкил этиш ва иш берувчиларни жалб қилиш Савдо саноат палатаси ва тармоқ савдо палаталари фаолиятининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Ҳаттоки ёшларни касбга йўналтириш ва касблар тўғрисида тушунчага эга бўлиши учун 7-синфдан бошлаб ўқувчилар корхоналарда йилига 2-4 ҳафталик танишув (стажировка) ўташади. Ёшлар ўзлари борган корхона ва ташкилотлар фаолияти билан танишиб, касблар тўғрисида маълумотга эга бўлгандан сўнг, ўзи қизиқиш билдирган касб бўйича корхона ва ташкилотлар билан шартнома имзолайди ва дуал таълимда таҳсил олиш учун таълим муассасасига ушбу имзоланган шартнома билан ҳужжатларини топширади.

Германияда дуал таълимда иштирок этаётган ўқувчиларга иш берувчи томонидан ойига ўртача 930-1200 евро ойлик иш ҳақи тўланади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, дуал таълим мамлакатимиз таълим тизимида янги бўлиб, ушбу тизимни ривожлантириш бўйича бир қанча ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Дуал таълимни ривожлантириш бўйича хорижий мутахассислар жалб қилинмоқда, маҳаллий мутахассислар Германия, Австрия, Корея ва бошқа давлатларга тажриба ўрганиш мақсадида юборилмоқда ва дуал таълимни ривожлантириш концепцияси устида ишланмоқда.

Шунингдек, хусусий секторни дуал таълимга жалб қилиш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.

 

ЎзА мухбири

Нигора Раҳмонова 

суҳбатлашди.