Ўзбекистон ва Франция давлатлари раҳбарлари томонидан Франциянинг Лувр музейида очилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” ва Араб дунёси институтида ташкил этилган “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” номли кўргазмалар шарқ матбуоти саҳифаларида кенг ёритилмоқда.
Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган, нодир буюмлар жамланган биринчи кўргазма кўплаб мухлисларни жалб этаётгани бежиз эмас. Луврдаги намойиш эрамиздан аввалги V-VI асрдан Темурийларгача бўлган даврни қамраб олган. Араб дунёси намойишида эса XIX-XX аср ўрталарига оид экспонатлар, шунингдек, Ўзбекистон давлат музейи тўпламидаги Туркистон авангарди йўналишига оид мўйқалам асарлари жамланган.
БАА “WAM” ахборот агентлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – una–oic.org, Миср ва Яқин Шарқдаги кенг қамровли электрон газета “Ал-Асима” (elasimah.com), “Аш-Шарқ Ал-Авсат” халқаро араб газетаси (aawsat.com), БАА, Кувайт, Саудия Арабистони, Миср ва Иорданияда офислари мавжуд “NABD” (nabd.com) араб янгиликлари агрегати компанияси сайтларида мазкур икки йирик кўргазма ҳақидаги материалларга алоҳида эътибор қаратилган. Марказий Осиё цивилизацияси ва маданияти, минтақа тарихий дурдоналарининг Европадаги намойиши урғуланган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА