Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўтказган сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 22,5 фоизи коррупцивий ҳолатлар билан тўқнашганини, 34 фоиз тадбиркорлар бундай муаммолар баъзан учраб туришини қайд этган.

59,4 фоизи сўнгги бир йил давомида коррупция даражаси камайган, деган фикрни билдирди. 43,5 фоиз тадбиркорлар фаолияти давомида бундай салбий ҳолатлар умуман кузатилмаганини маълум қилган.

Тадбиркорлар учраётган салбий ҳолатларга қандай барҳам бериш керак? Тадбиркор эркин фаолият юритиши, иқтисодиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши учун нималар қилиш керак?

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Тошкентда “Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик” иккинчи бизнес форумида шулар ҳақида фикр юритилди.

Бизнес-форум ўз ишини “Соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини коррупциявий хавф-хатарлардан холи тарзда тартибга солиш”, “Коррупциявий хавф-хатарларга оид баҳслардан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалий ҳаракатлар сари” мавзулардаги иккита сессия асосида олиб борди.

Бизнес форум очилишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар, хусусан коррупция ҳолатларига барҳам бериш учун тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик қарор топиши учун ушбу бизнес форум ўтказилмоқда. Бундан бир йил муқаддам ўтказилган биринчи бизнес форумда агентлик, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан “Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш Хартияси” қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектининг молиявий фаолиятини бошқариш, шартнома муносабатлари, кадрларни танлаш ва ўқитиш, ички интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат харидлари каби муҳим йўналишларда коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс чораларни қамраб олган.

Ўтган қисқа вақт давомида Хартияга 267 нафар тадбиркор қўшилиб, коррупциядан холи равишда бизнес юритиш вазифасини ўз зиммасига олди.

Сессиялар доирасидаги мулоқотларда тадбиркорликнинг эркин ривожланиши, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришда коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жараёнига бизнес ҳамжамиятнинг экспертлик салоҳиятини самарали жалб қилиш имкониятлари, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Экспертлар томонидан бизнес соҳасида ҳалоллик стандартларига амал қилиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, биргаликда шаффоф Ипак йўли ташаббусини яратиш, тадбиркорлик фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларнинг қонунчиликдаги бўшлиқлар билан ўзаро боғлиқлиги, халқаро амалиёт ва хорижий тажрибадаги ютуқларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар асосида хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга доир амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Форум доирасида Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига янги қабул қилинган тадбиркорлик субъектларига аъзолик сертификатларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Н.Абдураимова, ЎзА