Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзоларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб Судьялар олий мактаби директори Ҳ.Исоқов меҳмонларга мазкур даргоҳ ва унинг иш фаолияти борасида маълумот берди.

Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва профессионал судьялар корпусини шакллантириш, бу жараёнда жорий этилган янги тартиблар, бўлажак судьяларни янги ислоҳотлар талаби даражасида тайёрлаш, амалдаги судьялар ва судлар аппаратлари ходимларининг малакасини ошириш борасида фаолият кўрсатаётган ягона таълим ва тадқиқот маркази – Судьялар олий мактабида ўқув жараёнларининг ташкиллаштирилишига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Судьялар олий мактаби фаолияти билан танишиш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ҳамда бевосита дарс жараёнлари бораётган ўқув аудиторияларига ташриф буюрди.

Маълумки, суд жараёнига тайёргарлик босқичи адолатли қарор чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода суд имитацияси маркази фаолияти ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, делегация аъзолари судьяликка номзодларни танлаш, ўқитиш, уларни судьяликдек масъулиятли ва шарафли вазифага тайёрлаш ва бу борада амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда икки давлат судьялари, Олий мактаб профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этди. Иккала мамлакат суд тизими ходимларини тайёрлаш жараёнлари масаласида ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболлари қизғин муҳокама қилинди.

 

ЎзА