«Ёшларни домига тортаётган оғулар» мавзусидаги овозли чат

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали «Ёшларни домига тортаётган оғулар» мавзусидаги овозли чат давомида кузатувчилар томонидан берилган саволларга Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилбархон Сиддиқова ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси Шуҳрат Шукуровлар жавоб берди.

— Хорижда тамаки чекмайдиган ёшларни шакллантириш учун амалий ишлар қилиняпти. Бизда-чи?

— Янги Зеландияда маълум бир йилда туғилган болаларга умуман тамаки маҳсулотларини сотиб олиш мумкин эмас, яъни тақиқланган. Мисол учун, 1995 йилда туғилган болаларга тамаки сотилмайди. Бу усул орқали аста-секин келажакда тамаки чекмайдиган авлод юзага келишига эришилади.

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Ялпи Мажлисида Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги янги қонуни юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Келишув комиссиясининг хулосаси ҳамда ушбу қонун қабул қилинди. Айни вақтда Олий Мажлис Сенати Келишув комиссиясининг хулосасини кўриб чиқмоқда.

Қонунда жамоат жойларида чекмаслик бўйича янги нормаларни киритиш масаласи кўтарилмоқда. Жамоатчиликнинг ҳар бир эътибори, назорати келгусида қонунчиликни такомиллаштиришимизга асос бўлади.

— Тамаки маҳсулотларининг харидорлари кўпроқ ёшлар эканлигини яширишнинг ҳожати йўқ. Шундай экан, бу борада халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари ҳам бирор амалий ишни олиб боряптими? 

— Тўғрисини айтиш керак, агар мен уларнинг ўрниида бўлганимда, «ухламас» эдим. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бозорини назорат қилиш бўйича мактаб ҳудудларида олиб борган рейдларимиз давомида айрим мактаб директорлари бефарқ бўлганини кўрдик. Бундай маҳсулотларнинг сотилиши ёки оммалашишида асосан ўзимиз сабабчимиз. Оммавий ахборот воситалари орқали бу маҳсулотларнинг зарари ҳақида кўрсатилади, аммо бунинг ўзи етарли эмас. Қайсидир маънода тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг сотилишига тақиқ қўйилиши ёки меъёр белгиланиши керак.

Хизмат сафари билан хорижда бўлганимизда, тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконлар ёпиқ ҳолда эканини кўрдик. Харидор дўконга кириб келганида, унинг ёши инобатга олиниб, қандай маҳсулот сўраса, уни олиб яна кўринмайдиган қилиб ёпиб қўйилар экан. Афсуски, бизда кўча-кўйда, дўконларимизда энг чиройли жой-тамаки маҳсулотлари сотиладиган жой ҳисобланади. Рейдимиз давомида бир ҳудудга борганимизда, маҳалла раиси келганимизни эшитиб, дарров етиб келди. Мактаб ҳудудига яқин бўлган жойда алкоголь дўкони мавжуд ва кўплаб ёшлар мактабдан қайтишда шу дўкондан харид қилишар экан.

«Мен дод дейман, лекин ҳеч ким эшитмаяпти», дейди оқсоқол. Бундай маҳлсулотлар сотилишининг олдини олиш учун ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз керак. Бунда жамоатчилик ёрдами бизга жуда зарур.

Суҳбатнинг тўлиқ қисмини қуйидаги видео-ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Н. Раҳмонова, Д. Ёқубов (видео), ЎзА