Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Навоий вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди. Шунингдек, ҳудуддаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди, жойларда халқ билан мулоқот қилди, янги лойиҳаларни ишга туширишда иштирок этди.

Дастлаб, Навоий шаҳрида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, сессияни очиқ мулоқот тарзида ўтказишни таклиф этди.

– Бугунги учрашувимиздан энг катта мақсад-муддаомиз – очиқ мулоқот. Навоий вилоятидаги 330 та маҳалла, 1 миллион 50 минг аҳолининг дардини баралла айтиб, чорасини топишимиз керак. Ҳурматли депутатлар, нуронийлар, ўғил-қизларим, юракдаги гапларингизни, жойлардаги муаммони очиқ айтсангиз, менга дўст бўласизлар. Ҳамма масалаларга халқимиз билан бамаслаҳат ечим топсак, натижа бўлади. Бу учрашувдан мен ҳам рози бўлайин, халқимиз ҳам рози бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мулоқотда Навоий вилояти ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Охирги уч йилда ҳудудда 2 миллиард долларлик йирик саноат лойиҳалари ишга тушган. Бунинг натижасида 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 1 триллион сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт таъминланган.

Вилоятда иқтисодиётни янада ривожлантириш учун катта захира ва имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, импорт бўлаётган маҳсулотларни кооперация асосида маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарса бўлади. Қишлоқ хўжалигида чорвачилик тармоғи тўла ишга солинмаяпти. Мева-сабзавот сақлаш қувватлари кам. Ижтимоий соҳада ҳам аҳолини қийнаётган масалалар бор.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Навоий вилояти ҳокими лавозимига Нормат Турсунов номзодини тавсия этди.

Н.Турсунов 1972 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Кўп йиллар давлат солиқ тизимида ишлаган. У 2021 йил ноябрь ойидан буён Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал очиқ мулоқот қилиб, унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Нормат Турсунов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.

Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш чораларини белгилаб берди.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун келгуси йилда 26 та маҳаллий саноат маркази ва кичик саноат зоналари ташкил этиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари учун 600 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилди. Умуман, Навоий вилоятини “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Саноат соҳасида келгуси йилда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта иш ўрни яратиш чоралари белгиланди. Бу импортни қисқартириб, экспортни 250 миллион долларга етказишда муҳим омил бўлади.

Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа ва Нурота туманларидаги 72 та маҳалла картошка, сабзавот, узум ва анор етиштиришга ихтисослашган.

Давлатимиз раҳбари бу имкониятларни кенгайтириш учун мазкур маҳаллалар атрофидаги 5 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш зарурлигини таъкидлади. Яйлов ўсимликлари уруғчилиги хўжалиги, каврак плантациялари, агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, мактаб ва боғчалар барпо этиш, аҳолини уй-жой ва ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Умуман, 2023 йилда вилоятда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қўшимча 655 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 750 миллиард сўм ресурс ажратилиши маълум қилинди.

Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режаларини муҳокама қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Навоий вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Сессиядан сўнг давлатимиз раҳбари навоийлик ёшлар билан мулоқот қилди.

– Мен қаерга бормайин, кўпроқ ёшлар билан учрашишга ҳаракат қиламан. Тараққиёт стратегиямизда, ҳудудий дастурларда катта мақсадлар қўйганмиз. Агар давлат ташкилотлари, барча даражадаги раҳбарлар ёшлар масалалари билан мукаммал шуғулланмас экан, бу марраларга эришиб бўлмайди, – деди Президент.

Навоийлик ёшлар иқтидорли, ҳамма соҳаларда фаол. Бу йил олий ўқув юртларига кириш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллашди. Халқаро фан олимпиадалари, нуфузли мусобақалар ғолибларининг ҳам кўпчилиги Навоийдан.

Жорий йилда уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 50 миллиард сўм маблағ берилиб, 13 минг 700 нафар йигит-қиз ўз йўлини топган. 1 минг 600 гектар экин майдони ажратилиб, 6 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланган. Шароити оғир талабаларга 6,5 миллиард сўм контракт пуллари тўлаб берилган.

– Фарзандларимизнинг ютуқлари, албатта, ҳаммамизни ғурурлантиради. Лекин бу билан чекланиб қолиш керак эмас. Ёшларимизнинг истагини, эҳтиёжини, эртанги кунини таъминлаш учун яна нималар қилсак бўлади? Билим ва касбларни эгаллаши, салоҳиятини юзага чиқариш учун қандай ёрдам бериш керак? Ана шу саволлар мени қийнайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, Президент ёшларнинг фикрлари, таклифларини эшитди. Ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўрганиши ва иш топишига ёрдам берувчи янги платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Саноат зоналарига ёшларни жалб этиш, яйловларга сув чиқариб, чорвачилик ташаббусларини Тадбиркорлик жамғармаси орқали қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Навоий шаҳрида ихтисослашган спорт мактаби ва маҳаллаларда спорт тўгараклари ташкил этиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ёшлар жамғармасидан вилоятдаги 325 та мактабни китоб ва мусиқа асбоблари билан таъминлаш, маданий тадбирларни кўпайтириш масалаларига ҳам аҳамият қаратилди.

Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича Навоий вилояти тажрибаси яратилиши белгиланди. Бу тизимнинг асосий мақсади ёшларни маънавий-маърифий ривожлантириш, бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўлади.

Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширишга бағишланган маросим бўлди.

Маълумки, ойна саноат, қурилиш ва маиший ҳаётда энг кўп ишлатиладиган маҳсулотлардан. Хусусан, юртимизда қурилиш ойнасига бўлган талаб йилига 38 миллион квадрат метр. Навоий вилояти эса пардозбоп тош, кварц қуми, базальт ва каолин захираларига бой.

Шу боис давлатимиз раҳбари 2018 йилда вилоятга ташрифи чоғида ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эди. Бугунга келиб, 250 миллион долларлик ушбу лойиҳа ҳаётга кўчди.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширди.

– Ҳозиргача бундай корхоналар Фарғона ва Жиззахда бор эди. Мана, уларнинг сафига янги барпо этилган, кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Зарафшон ойна” корхонаси ҳам қўшилмоқда. У келгусида янада ривожланиб, халқимизга хизмат қилишига ишонамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 миллион квадрат метр. Маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам мўлжалланган. Бу ерда 700 киши иш билан таъминланган.

Тадбирда Ғозғон шаҳридаги “Maрмаробод” корхонаси билан ҳам видеоалоқа орқали боғланилди. У мармар ва гранит тошларни қазиб олиб, қайта ишлашга ихтисослашган. Хитой ва Эрон давлатларидан ускуналар олиб келиниб, муҳандис ва мутахассислар жалб қилинган. 300 киши иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Гидро Станко Сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Навоий вилояти саноатлашган ҳудуд. Бу ерда тоғ-кон, металлургия, кимё, энергетика корхоналари кўп. Уларга, умуман, юртимиз саноати ва қишлоқ хўжалигига машинасозлик маҳсулотлари доим зарур.

“Гидро Станко Сервис”да айнан шулар ишлаб чиқарилади. Бу ерда кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган. Натижада 2021 йилда 12 миллион доллардан зиёд валюта маблағларини тежашга эришилган. Жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш миқдори 23 миллион доллар бўлиши кутилмоқда.

Корхонага ускуналар Германия, Туркия, Италия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган. 370 киши иш билан таъминланган.

Айни чоғда корхонада қуюв цехи ташкил этиш ва маҳсулотлар турини кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда.

Президентимиз мутасаддиларга маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Бугунги кунда Навоий вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида қиймати 1 триллион сўмга яқин 113 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижасида жорий йилнинг ўзида 100 миллион долларлик импорт қисқартирилишига эришилади.

Шу куни “Навоий” эркин иқтисодий зонасини ҳамда Навоий халқаро аэропорти юк терминалини бошқариш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Бу маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.

– Бугун дунёдаги геосиёсий вазият ҳар бир давлатдан ўз имконият ва ресурсларидан тўғри фойдаланиш, янги савдо ва логистика йўлакларини яратишни тақозо этмоқда. Бу борада жаҳоннинг нуфузли компаниялари билан музокаралар олиб бориб, энг мақбул таклифларни ўрганаяпмиз. Мақсадимиз – мамлакатимиз экспорт салоҳиятини 2030 йилгача камида 3-4 баробарга ошириш, – деди давлат раҳбари.

“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳамда Навоий халқаро аэропорти саноат ва логистика бўйича улкан имкониятларга эга. Уларда зарур инфратузилма ва тизим яратилган. Бундан самарали фойдаланиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг “DP World” компанияси билан “Навоий” эркин иқтисодий зонасини бошқариш бўйича келишув, “Terminals Holding” компанияси билан Навоий аэропорти юк терминалини бошқариш бўйича шартнома имзоланди.

“DP World” “Навоий” эркин иқтисодий зонасида хорижий инвесторлар талабларига жавоб берадиган халқаро ҳуқуқ нормаларини жорий қилиб, йирик ишлаб чиқарувчиларни жалб этади.

“Terminals Holding” компанияси Навоий халқаро аэропортининг юк айланмасини кескин ошириш ва уни йирик карго хаблари билан боғлаш билан шуғулланади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг асосий халқаро транспорт йўлакларига интеграция бўлиши ва транзит ҳажмини камида ўн баробарга оширишига салмоқли ҳисса қўшади.

Умуман, ушбу икки келишув мамлакатимизда инновацион ва юқори технологик хизматлар кўпайиши, иқтисодиётимиз учун энг муҳим бўлган транспорт коммуникациялари ривожланишига хизмат қилади.

– Бу икки компаниянинг Ўзбекистондаги бизнеси жадал ривожланишига тилакдошман. Мазкур лойиҳалар давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик миқёсини янада оширишига ишонаман, – деди сўзининг якунида Президентимиз.

Маросимда “DP World” ва “Terminals Holding” компаниялари раҳбарлари келишувлардан мамнун эканини билдириб, бу икки томон учун катта имкониятлар очишини таъкидлади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзА мухбирлари