18 ноябрь куни пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи»да Чирчиқ полигонида ҳафта мобайнида давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган йиғиннинг сўнгги босқичи бўлиб ўтди.

Тўрт кун давомида Мудофаа вазирлигига қарашли Чирчиқ умумқўшин полигонида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказилди. Унда вазирлар, раислар, агентлик ва инспекция бошлиқлари, бош директорлар ҳақиқий ҳарбий хизмат муҳитида машғулот ўтадилар.

Иштирокчилар фақат ҳарбий машғулотлар билан чекланиб қолмади. Мазкур йиғин давомида давлат бошқаруви органлари раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишди. Шунингдек, йиғин иштирокчилари алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлади.

Шу билан бирга, оператив, сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлиб борди. Улар орасида турли спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил қилинди.

Йиғиннинг сўнгги кунида иштирокчилар Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари Қодир Турсунов иштирокида «Ғалаба боғи»да тантанали тақдирлаш маросими бўтди. Унда барча иштирокчилар мудофаа вазирининг ташаккурномаси ва фаол иштирок этган иштирокчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 

ЎзА