Ўзбек ва туркман халқлари азалдан дўст, қардош, биродар, тарихи, маданияти, орзу-умидлари бир-бирига вобаста бўлган халқлар саналади.

Ўзаро тарихий-маданий алоқалар ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги кўп асрлик биродарликнинг мустаҳкам тамал тоши бўлиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали иштирокчиларига» йўллаган табригида таъкидланганидек, чин қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада кучайтиришга қаратилган ушбу муҳим тадбир элу юртларимизнинг умумий эзгу мақсадлари ва орзу-интилишлари муштарак эканини яна бир бор яққол тасдиқлайди.

Шу кунларда қардош Туркманистоннинг Дашогуз шаҳрида Ўзбек ва туркман халқлари фестивали юқори савияда, чинакам дўстлик, қардошлик, санъат ва маданият байрами сифатида ўтказилгани бу фикрларни яна бир карра тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, фестиваль ранг-баранг концертлар, ижодий учрашувлар, мулоқотлар, бадиий, амалий санъат кўргазмаларига, кино ва театрлар намойишига бой бўлди.

Ўзбекистон ва Туркманистон маданият ва санъат усталарининг ҳамкорликдаги концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди. Унда ўзбек ва туркман куй-қўшиқлари янгради. Иштирокчилар ўзлари суйган қўшиқларни ўзбек санъаткорлари билан биргаликда ижро этдилар.

Икки халқнинг буюк мутафаккир шоирлари – Алишер Навоий ва Махтумқули шеърларидан намуналар ўқилиб, миллий рақслар ижро қилинди.

Дўстлик фестивали доирасида 17 ноябрь куни Дашогуз шаҳридаги Дашогуз вилояти кутубхонасида Ўзбекистон ва Туркманистон ёзувчи ҳамда шоирларининг ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки давлат раҳбарларининг юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва кўмаги билан ташкил этилган ушбу ўзига хос дўстлик байрамининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Дўстлик байрамининг халқларимиз маданияти, санъати ва адабиёти ривожи учун кенг уфқлар очган, ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлаган тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида катта аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Шу куни Дашогуз вилояти Дилевар қишлоғи маданият уйида икки мамлакат кино ижодкорларининг ижодий учрашуви ва ўзбек-туркман фильмлари намойиши ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон томонидан томошабинлар эътиборига “Аёл қисмати” фильми ҳавола қилинди.

Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими эса Дашогуз шаҳридаги Нурмуҳаммад Андалиб номидаги мусиқали театрда бўлиб ўтди.

Унда ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Мурожаатдан сўнг туркман ижодкорлари томонидан “Иқрор Оташи” спектакли намойиш этилди.

 

Шунинг билан ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали якунланди. Ушбу дўстлик фестивали ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги қардошлик, ҳамжиҳатлик ришталари кейинги йилларда ривожланиш босқичига чиққанини яна бир карра намоён этди.

Назокат УСМОНОВА,
    ЎзА мухбири