Ватан байроғи – ғуруримиз, оримиз, жонажон Ўзбекистонимизнинг тенгсиз тимсоли.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида “Муқаддасдир Ватан байроғи”  шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга ижодкор зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, педагоглар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ва бошқалар  халқимизни буюк мақсадлар йўлида  бирлаштириш, ёшларда миллий ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришда давлат рамзлари қабул қилинган кунларни байрам сифатида кенг нишонлаш ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, байроғи ва мадҳияси халқимиз, айниқса, ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу муқаддас тимсолларимиз мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуларни ўзида мужассам этади.

Байрам тадбирида ҳарбий қисм аскарлари, курсантлар ва “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари иштирокида ватанпарварлик мавзусида саф қўшиқлари ҳамда ҳарбий жанг санъати намуналари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва бошқа ҳамкор вазирлик, идоралар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги марказий кўчаларда Давлат байроғини ўрнатган ҳолда “Ватанпарвар автокарвони” ташкил этилди. Отлиқлар сафи ватанимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб юрди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан танловлар ўтказилган эди. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда “Муқаддасдир Ватан байроғи” мавзусидаги видеороликлар танлови ҳамда “Инсон қадри учун” туркумидаги видеороликлар танлови ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда “Рангларда акс этган Ватан мадҳи” мавзусида расмлар танлови ташкил қилинди. “Ватан мадҳи янграр дилимда” онлайн интеллектуал танлови ўтказилди.

Давлат байроғини қадрлашга қаратилган тасвирий тарғибот воситалари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, марказий кўчаларидаги панно ва баннерларга жойлаштирилди. Давлат рамзларига бағишланган видеороликлар LED экранлар ва маҳаллий телеканалларда намойиш этилди.

Халқлар дўстлиги майдонида халқимиз суйган санъткорлар томонидан кенгайтирилган концерт дастури намойиш этилди.

 

Назокат Усмонова,  

Носиржон Ҳайдаров (суратлар),  

ЎзА мухбирлари