Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи БМТ муҳокамасида

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши тақвимига кўра, Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги 3-Миллий даврий маърузаси жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилаётган Кенгашнинг 30-сессиясида кўриб чиқилади. 

Бу ҳақда парламент қуйи палатасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши 16/21 резолюциясининг 5 иловасига тақдим этилган учинчи миллий маърузаси юзасидан қўмиталар эшитуви”да таъкидланди.

Ўзбекистон тақдим этадиган 3-Миллий даврий маъруза олдин тақдим этилган маърузалар юзасидан БМТнинг шартномавий органлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш томонидан билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган. У 2014 йил 14 декабрда тасдиқланган Миллий ҳаракатлар режасига мувофиқ, 60 дан ортиқ давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Бош Комиссариати ва БМТнинг Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган агентликлари экспертлари кўмаги ва иштирокида тайёрланган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашига икки маротаба – 2008 йил декабрда ва 2013 апрелда бўлиб ўтган 3- ва 16-сессияларда Миллий даврий маърузалар тақдим этилган бўлиб, уларда давлатимиз қўшилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг мамлакатимизда қандай ижро этилаётгани хусусида батафсил маълумотлар берилган.

Фарҳод Эркинов

 

ЎзА