Хабар берганимиздек, пойтахтимизда Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Маълумки, юртимизда яқин ўтмишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди. Деярли барча мактабгача таълим ташкилотларида замонавий технологиялар ва қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди.

Бу эса болаларимизни тўлақонли сифатли таълим ва тарбия олишини чеклаган. Ҳолбуки, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

–Биз ислоҳотларнинг биринчи кунлариданоқ мавжуд таълим соҳасини, хусусан, мактабгача таълимни тубдан модернизация қилишга қарор қилдик.Шу мақсадда юртимиз тарихида илк бор алоҳида Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик. Боғчаларни замон талабларига мос равишда янги босқичга кўтариш, илғор тарбия услублари ва методикаларини кенг қўллаш, ўқув-моддий базасини кучайтиришга катта эътибор қаратмоқдамиз, – деди давлатимиз раҳбари. –Соҳани кенг ривожлантириш учун хусусий сектор кириб келишига ҳам қулай шарт-шароитлар яратиб бердик. Боғчаларда ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берила бошланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилди.

Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сони 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди.

ЎзА