Ҳар бир мамлакатнинг изчил тараққиёти бошқа давлатлар билан кенг кўламли мустаҳкам ҳамкорлигига, ташқи сиёсатни тўғри йўлга қўйишига боғлиқ.

Шу маънода Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – юртимиз давлат раҳбарлари иштирокидаги кўплаб йирик, нуфузли тадбирларни юқори савияда ташкил этаётгани, бундай тадбирлар доирасида кўплаб муҳим халқаро ҳужжатлар имзоланаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Куни кеча Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилиши якунланди. Қуйида саммитда иштирок этиш учун ташриф буюрган олий мартабали меҳмонлар билан боғлиқ баъзи рақамларга тўхталамиз. Аниқроғи, “Жорий йил давомида Ўзбекистонга қайси давлат раҳбари неча бор ташриф буюрди?”, деган саволга жавоб қидирамиз.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йирик халқаро саммитда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.

Туркий давлатлар ташкилоти саммитига келиши Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг юртимизга жорий йилдаги учинчи ташрифи бўлди.

Илҳом Алиев Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, 2022 йил 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келган эди. У Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун 15 сентябрь куни ҳам Самарқандга келган.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 29 март куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан бирга мамлакатимизга келган эди. Эрдоған жаноблари 15 сентябрь куни ҳам Самарқандга келган.

Туркия етакчисининг ТДТ Самарқанд саммитида иштирок этиши унинг 2022 йил ўтган даври давомида юртимизга учинчи бор ташриф буюрганини англатади.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 14 июль куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келган.

Давлатимиз раҳбари таклифига биноан, Сердар Бердимуҳамедов ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун 15 сентябрь куни яна мамлакатимизга келди.

Демак, Туркманистоннинг ҳозирги етакчиси жорий йил юртимизга икки маротаба ташриф буюрган.

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, ушбу мамлакат Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб, Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммитида кузатувчи мақомида иштирок этди.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Туркий давлатлар ташкилоти саммитида қатнашиш учун 9 ноябрь куни Самарқандга келди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни расмий ташриф билан Будапештга борган эди. Ташриф давомида Венгрия Президенти Каталина Новак билан учрашув бўлди. Сўнг Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан тор доирада ҳамда кенгайтирилган таркибда мулоқот қилди. Якунда икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Сентябрь ойида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашида қатнашган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ТДТ саммитида ҳам иштирок этди. Бинобарин, Қирғизистон етакчиси кўҳна ва ҳамиша навқирон кентимиз Самарқандни шу йилнинг ўзида икки бор зиёрат қилишга муяссар бўлди.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилган.

Ушбу совриннинг илк соҳиби сифатида Самарқандда туркий дунё бирлигига қўшган беқиёс ҳиссаси учун буюк адиб ва жамоат арбоби, улуғ гуманист Чингиз Айтматов эътироф этилди. Мукофотни айнан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилиб олди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун 15 сентябрь куни мамлакатимизга келган эди.

Мазкур қардош мамлакат раҳбари ТДТ олий даражадаги анжумани муносабати билан амалий ташриф билан 10 ноябрь куни яна бир бор заминимизга қадам қўйди. Аён бўладики, бу Тоқаевнинг юртимизга жорий йил мобайнидаги иккинчи ташрифи.

Бу мавзуда сўз борар экан, Ўзбекистон яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик масаласида ўзига хос, мутлақо янгича ва энг муҳими барча томонлар учун манфаатли, самарали сиёсат олиб бораётганини таъкидлаш зарур. Юқорида айтиб ўтганимиздек, айни ҳақиқат халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА