Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди.
Учрашув кун тартибидан мамлакатимиз ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу нуфузли ихтисослашган ҳукуматлараро тузилмаси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон 1993 йилдан буён ЮНВТО аъзоси эканини таъкидлаш зарур. Ўтган даврда тармоқнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш ва Ўзбекистоннинг туризм брендини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган муҳим ташаббус ва қўшма дастурлар амалга оширилди. Юртимизда Ташкилотнинг Буюк ипак йўли бўйича минтақавий офиси фаолият юритмоқда.
Кейинги йилларда шериклик сезиларли даражада фаоллашди. Бугунги кунда 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўрилмоқда.
Суҳбатда Зураб Пололикашвили Ўзбекистонда замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, ташқи ва ички туризм кўрсаткичларининг сифатли ўсишига хизмат қиладиган ишбилармонлик ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар натижаларини юксак баҳолади.
Мамлакатимиз билан ЮНВТО ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, унга Ўзбекистоннинг туризм брендини илгари суриш, самарали ахборот кампанияларини ўтказиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, бошқа муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирларини киритишга келишиб олинди.