Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ташриф буюрди.
Институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон – Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар билан бирга таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг самарали давом этаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, институтда илмий-педагогик йўналишда халқаро ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Элчи юқори даражада ҳамда самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда белгиланаётган Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллиги ҳамда институтнинг 90 йиллиги билан муборакбод этди. Мамлакатларимиз ўртасида сўнгги йилларда иқтисодий соҳалар билан биргаликда таълим соҳасига инвестициялар киритиш бўйича ижобий ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат давомида Корея Республикасининг энг илғор олий таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг стажировкалар ва ўқув дастурлари доирасида грант лойиҳаларида иштирок этишига кўмаклашиш, институтда фаолият юритаётган “Корея бурчаги” ишларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Бундан сўнг делегация аъзолари Қорақалпоғистонда корейс тилини ўргатиш бўйича асосий марказ сифатида фаолият юритаётган институтдаги “Корея бурчаги”га ташриф буюриб, турли номдаги ўқув адабиётлари ҳамда зарур буюмларни топширди. Элчи жаноб марказнинг фаолиятига юқори баҳо бериб, бу ерда хизмат қилаётган масъулларга миннатдорлик изҳор этди. Делегация аъзолари институтнинг янги ўқув биносида яратилган шароитлар билан танишиб, ижобий фикрларини билдирди.
Олий таълим муассасаси дуторчилар ансамбли ижросидаги миллий куй-қўшиқлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири